Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармони билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
1. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ҳафта муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш тўғрисидаги низомга кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва ходимлари («Маҳалла посбони» жамоат тузилмаси раҳбари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, масъул котиб ва бошқалар) ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва ходимларининг меҳнат мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, шунингдек, улар ўртасидаги ўзаро муносабат масалалари меҳнат муносабатларини тартибга соладиган норматив ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қабул қилинадиган ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) тасдиқлайдиган ички ҳужжатларда аниқлаштирилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини ваколатларини амалга ошириш мақсадида Фуқаролар йиғини кенгашининг қарорига кўра, фуқаролар йиғини аҳолисини хизматлар кўрсатиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида айрим ишларни бажаришга жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маҳаллалар ҳудудида яшайдиган ишсиз шахсларни жамоат ишларига жалб қилиш учун улар билан меҳнат шартномалари тузиш ҳуқуқига эга ва уларнинг меҳнатига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

















