Фирибгарнинг аччиқ қисмати
Талаба, деган номга эришиш осон эмас. Фақатгина олдига аниқ мақсад қўйиб, мактаб, академик лицей ва коллежда аъло баҳоларга ўқиган, бундан ташқари мустақил равишда бўлажак имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўрган абитуриентларгина олий ўқув юртларида ўқиш бахтига муяссар бўлишади. Фуқаро Шуҳрат Бобоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам шундай бахтга эришган абитуриентлардан. У ўзининг билими билан Москва Давлат Университети талабаси, деган номга эришган. Бироқ унга ўзга юртда ўқиш оғирлик қилади. Шунинг учун ҳам ўқишини республикамиздаги олий ўқув юртларидан бирига кўчиришга аҳд қилади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.
Ш.Бобоев шундай мақсадда юрган кезлари Яккасарой туманидаги истироҳат боғларининг бирида фуқаро Наргиза Камолова билан танишиб қолади. Шундан сўнг улар қўнғироқлашиб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўраб турадиган бўлишди. Ўтган йилнинг июнь ойида Шуҳрат ўзининг мақсади ҳақида Наргизага ҳам айтади. Унга иложи бўлганида, ўқишини Тошкент Стоматология институтида давом эттириш ниятида эканлигини баён этади. Фирибгарликни ўзига касб қилиб, бунинг учун бир неча бор судланган Наргиза эса, дарҳол танишининг бу мақсадидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиш режасини тузади. У дарҳол Шуҳратга ёрдам беришини айтиб, бу ишни амалга ошира оладиган танишлари борлигини ҳам қистириб ўтади. Ҳатто у бу ишни тез орада битириб беришга ваъда бериб, йигитнинг ишончига киради. Орадан бир кун ўтиб, Наргиза унга қўнғироқ қилади. Танишлари “перевод” хизмати учун 25 млн сўм сўраётганликларини айтиб, Шуҳратни алдайди. Йигит танишининг гапларига ишониб, айтилган пулларни унинг қўлига тутқазади ва яна бир таниши ҳақида ўқишини ўзи каби Москва Давлат Университетидан Тошкент Стоматология институтига кўчириш ниятида эканлигини айтади. Наргиза уни ҳам тузоғига илинтириш мақсадида, менга қўнғироқ қилсин, деб йигит билан хайрлашади. Мўмай пулни осонгина қўлга киритган Наргиза уларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.
Фирибгарлик ортидан осонгина пул топган Наргиза энди иккинчи ишга киришади. Чунки Шуҳрат айтган одам унга қўнғироқ қилган эди. Бу сафар у фуқаро Омон Боймировнинг ишончига киради. Фирибгарлик йўли билан Омонни ҳам алдаб, уни Москва Давлат Университетининг стоматология бўлимидан Тошкент Стоматология институтига ўқишини кўчириб беришга ваъда беради. Аёл О.Боймировдан 12 млн сўм олиб, пулларни ўз манфаатларига сарфлаб юборади.
Пулларни қўлга киритган фирибгар эса, на Шуҳратнинг, на Омоннинг кўзига кўринади, ҳатто қўнғироқларига ҳам жавоб бермайди. Шундан сўнг жабрланувчилар ушбу ҳолат бўйича тегишли жойга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлишади.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, Н.Камолова фирибгарликни аввал ҳам бир неча маротаба содир этиб судланган, жазодан эса ўзига тегишли хулоса чиқармаган экан. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан унга беш йилу тўққиз ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
07:30 / 25.09.2024
Тошкентда Malibu-2 ва Lacetti тўқнашиши оқибатида уч киши жароҳат олди
13:38 / 07.06.2024
Шавкат Мирзиёев Яккасарой ва Яшнобод туманларига ташриф буюради
09:20 / 25.05.2024
Тошкентда тадбиркорнинг мулкини ўзлаштирган мутахассисга жиноят иши очилди
10:11 / 14.05.2024