Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” МА, Ёш киноижодкорлар кенгаши ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан ўтказилаётган III Республика “PROlogue – 2017” кинофестивалининг энг кутилган воқеаси –“қизил йўлакча” ҳамда ёпилиш маросимлари бўлиб ўтди.
30 ноябрь куни Ёшлар ижод саройида “PROlogue – 2017” фестивалининг “қизил йўлакча” маросими ташкил қилиниб, унда ўзбек кино оламининг ҳамда шоу-бизнесининг энг кўзга кўринган вакиллари меҳмон бўлишди.

Қизил йўлакчагача “Мерcедес” машиналарида келган машҳурлар, бирма-бир қизил йўлакчадан тантанавор мусиқа садолари билан маросимнинг асосий қисми бўлиб ўтадиган саҳнага йўл олишди.

Рихситилла Абдуллаев ҳамда Райҳон Уласенова бошловчилик қилишди.

Кетма-кет қизил йўлакчада Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Динейра, Шаҳриёр, Ўзбекистон халқ артистлари Рихси Иброҳимова, Гавҳар Зокирова, актрисалар Саида Раметова, Фотима Режаметова, Дилором Эгамбердиева, Дилноза Кубаева, Асал Шодиева, Нигина Анарбоева, Нигора Каримбоева, Шаҳзода Матчонова Муқаддас Саъдуллаева, Феруза Собитова, Хуршида Арабшоевалар ўтиб туришди.

Актёрлардан эса Карим Мирходиев, Жумадулла Раметов, Фотиҳ Жалолов, Фарҳод Абдуллаев, Азиз Раметов, Алишер Узоқов, Фарҳод Маҳмудов, Алишер Усмоновлар, режиссёрлардан Али Ҳамроев, Элёр Ишмуҳаммедов, Оделшо Агишев, Юсуф Розиқов, Рустам Саъдиев, Мухлиса Азизовалар бирма-бир қизил йўлакчадан ўтишди.



















