«Трибуна» Англия чемпионатининг 15-тури якунларини сарҳисоб қилади.

«ДЕ ХЕА» НОМЛИ ПАРАДОКС

«Эмирайтс»да кечган турнинг марказий учрашувида меҳмонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйинда икки гол муаллифи бўлган Жесси Лингард ёки икки марта шерикларига голли пас узатган Пол Погба эмас, «МЮ» дарвозабони Девид Де Хеа барчанинг диққат марказида бўлганидан, ўйиннинг қандай ўтганини билиш мумкин экан.

Қўшимча статистикалар. «Арсенал» учрашув давомида жами бўлиб, 33 марта рақиб дарвозасига зарба йўллаган. Де Хеа 14 марта рақибларнинг аниқ зарбаларини қайтаришга муваффақ бўлган – бу АПЛ учун рекорд натижадир. Шунингдек, икки марта Эшли Янгнинг дарвозабонга айланганини, икки марта «тўпчилар»нинг зарбаси дарвоза тўсинига текканини эътиборга олсак, «Арсенал» биттадан кўпроқ гол уришга ҳақлироқ бўлганини эътироф этиш мумкин.

Шунингдек, ўйиннинг xG жадвалига эътибор қаратиш мумкин.

Ўйинда содир бўлган вазиятларнинг хавфлилик даражасига қараб, ҳар бир вазият ўз коэффицентига эга бўлади. Бу ҳисоб-китобга қараганда, «Арсенал» 4.6-1.9 ҳисобида устунлик қилган. Ушбу мавсум давомида бир жамоанинг бу қадар устунлиги кўп кузатилмаганди. Фақат «Манчестер Сити» – «Кристал Палас», «Арсенал» – «Эвертон», «Арсенал» – «Ҳаддерсфилд» ва «Ливерпуль» – «Арсенал» ўйинларида содир бўлган. Бу ўйинларда 5:0, 5:2, 5:0, 4:0 ҳисоблари қайд этилганини ҳисобга олсак, лондонликларга бу сафар қанчалик омад кулиб боқмаганини кўриш мумкин.

Албатта, «Манчестер Юнайтед»нинг хизматларини ҳам ерга урмаслик лозим – улар ўйин бошида мезбонлар хатоларидан унумли фойдаланишди, учта гол уришди. Ўйиннинг бутун қисмида балки ҳисобда олдинда боришмаганда, «Арсенал»га бу қадар устунликни тақдим этмасликлари аниқ эди. Буни ҳисоб қисқарганида мезбонларнинг вазиятлари сезиларли камайгани ва «Юнайтед» учинчи голни ургунча, яна вазиятлар ярата бошлагани билан асослаш мумкин.   

«СITY-TIME»

«Юнайтед» ўйиннинг сўнгги дақиқалари туфайли Европанинг энг нуфузли турнирини ютиб олган бўлиши мумкин, аммо уларнинг қўшнилари учун ҳам бу дақиқалар жуда қадрлидир. Зеро «Манчестер Сити»нинг АПЛдаги илк чемпионлиги ҳам айнан сўнгги дақиқаларда содир бўлган.