«Трибуна» Испания чемпионатининг 14-тури якунларини сарҳисоб қилади. Ушбу тур турнир жадвали етакчилари учун омадсиз келди, аввалига «Барселона», кўп ўтмай «Реал» очко йўқотди, кейинги куни эса «Валенсия» мавсумдаги илк мағлубиятни қабул қилиб олди. Кучли тўртликдан фақат «Атлетико» ғалабага эришди.

«Сельта» билан дуранг ва Умтитининг 2 ойга йўқотилиши

БАРСЕЛОНА – СЕЛЬТА 2:2
Голлар: 0:1 – 20 Аспас, 1:1 – 22 Месси, 2:1 – 62 Суарес, 2:2 – 70 Макси Гомес.
Барселона – тер Стеген, Серджи Роберто, Пике, Умтити (Вермален, 72), Альба, Бускетс, Ракитич (Пако Алькасер, 79), Иньеста (Денис Суарес, 53), Паулиньо, Месси, Суарес.
Сельта – Бланко, Васс, Гомес (Кабраль, 4), Фонтас, Мальо, Браис Мендес (Ронкалья, 63), Лоботка, Хосабед (Эрнандес, 84), Систо, Аспас, Макси Гомес.
Огоҳлантиришлар: Суарес (1), Ронкалья (74), Хосабед (81), Вермален (83), Бланко (86), Васс (87), Систо (88), Мальо (90), Пике (90).

Мураббий вазифаси

«Барселона»да Луис Энрикега ёрдамчилик қилган Хуан Карлос Унсуэ у кетгач, жамоа бош мураббийлиги учун асосий номзод бўлганди. Аммо Неймар билан низо туфайли унинг каталонлар жамоаси мураббийлиги бўйича истиқболига тўсиқ бўлди. «Барселона» раҳбарияти таваккал қилишни истамади ва Эрнесто Вальверде номзодида тўхталди. Якунда «Камп Ноу» ҳам Неймарсиз, ҳам Унсуэсиз қолди, биринчиси Парижга йўл олди, иккинчиси «Сельта»ни бошқара бошлади. Вигода унинг ишлари юришди, дейиш қийин, аммо жамоа ўртамиёналар қаторида муқим ўрин эгаллаган. Шанба кунги «Барселона»га қарши ўйин унинг Каталония пойтахтидаги стадионга илк қайтиши бўлди. У жамоасининг омадсиз сериясини якунлаши талаб этиларди, «Камп Ноу»даги охирги ўйинларда «Сельта» 1:6 ва 0:5 ҳисобларида ютқазганди.

Вальвердедан алоҳида иш талаб этилмасди, у Испаниядаги мураббийлик фаолияти давомида «Сельта»га қарши 13 учрашув ўтказган ва бирон марта ютқазмаган (10 ғалаба ва 3 дуранг). Кўк-анорранглилар жамоаси бош мураббийи «Валенсия»га қарши ўйиндаги омадсизликдан кейин (Мессининг голи ҳисобга олинмагани туфайли очко йўқотилганди - 1:1) футболчиларни ғалабага тайёрлаш талаб этиларди. Бу тур арафасида «Валенсия» билан орадаги фарқ 4 очко, «Атлетико» ва «Реал» билан фарқ 8 очкони ташкил этаётганди.