Тошкентнинг “Пойтахт” бизнес марказида Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида Фуқаролар учун бюджет (Халқ бюджети)ни тайёрлаш ва чоп этиш концепцияси муҳокама қилинди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Бюджет кодексига мувофиқ, очиқлик ва ошкоралик мазкур ҳужжат тамойилларидан ҳисобланади. Бу эса, давлат бюджетини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиблари, тасдиқланган бюджет, давлат мақсадли жамғармалари фаолиятига доир ахборотларнинг эълон қилиниши ва уларнинг жамият ҳамда ОАВ учун очиқ ва шаффофлигини назарда тутади. 

Молия вазири ўринбосари Дилшод Саттаровнинг сўзларига кўра, бугунги кунда давлат бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари тубдан ўзгарган. Янги муносабатлар давлат бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасидаги мулоқот ҳукуматга бўлган ишонч ошишида муҳим воситадир. Яъни, фуқаролар билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши бюджет жараёни самарадорлигини оширади, бюджети тизими, барча даражалардаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари шакллантирилиши ва ижро этилиши тўғрисида кенг хабардор қилишни таъминлайди. 

Виктория Аношкина

БМТТД лойиҳаси тадқиқотлари координатори Виктория Аношкина ўз тақдимотида халқаро амалиётда бюджет маълумотларининг очиқлиги, шаффофлиги, халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган фискал шаффофликни баҳолаш хусусида ахборот берди. Унинг сўзларига кўра, БМТТД 2007 ва 2013 йилларда Ўзбекистон давлат бюджетини шакллантириш ва қабул қилишда мамлакат ҳукумати билан ҳамкорлик қилган. 

Шу билан бирга, Халқаро Валюта жамғармасининг “Бюджет-солиқ соҳасида етарли шаффофликни таъминлаш бўйича кодекс”, Аношкинанинг билдиришича, давлат молия ахборотларини эълон қилишнинг халқаро меъёри ҳисобланади. Бундан ташқари, “Бюджет-солиқ соҳасида шаффофликни таъминлаш бўйича қўлланма”, “ХВЖнинг давлат молиявий статистикаси бўйича қўлланмаси” кабилар фискал шаффофлик бўйича халқаро меъёрий ҳужжатлардир. Шунингдек, БМТ томонидан ҳам фискал шаффофлик концепцияси кенг қўлланилади. Ташкилот 2012 йили шу масала бўйича “Шаффофликка нисбатан юқори даража принциплари” концепциясини қабул қилинган. 

Умуман, Аношкинанинг маълум қилишича, фискал шаффофликни баҳолаш амалиёти ХВЖ кодекси асосида ҳукумат сўрови бўйича ўтказилади ҳамда шу асосда тавсиялар беради. Унинг айтишича, 2014 йили Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда давлат харажатлари ва молиявий ҳисоботи тайёрланган, бироқ ҳукумат Бюджет кодексини қабул қилаётганини билдиргани сабабли, эълон қилинмай қолган эди.