Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясига жисмонан соғлом, маънавий етук ва интеллектуал салоҳиятли ёшларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”  2017 йил 16 августдаги ПҚ-3216-сон қарори билан:

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали кириш тест синовларисиз амалга оширилиши;

Академияда кадрлар тайёрлашнинг бир поғонали тизими бўйича кундузги таълим шаклининг муддати уч йил этиб белгиланганлиги;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Академиянинг кундузги таълим шаклига қабул фақат Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилиши;

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Академияда ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ички ишлар органлари ходимлари учун сиртқи таълим шакли жорий этилганлиги, унда ўқитиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йил, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йил этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинади.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.