Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузурида “Самарқанд меъмор лойиҳа” лойиҳа-қидирув ташкилотини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни эълон қилди.
Самарқанд вилояти шаҳар ва туманлари ҳудудларини архитектура ва шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш ишини тубдан яхшилаш, соҳадаги илмий-тадқиқот ишларини ва илғор чет эл тажрибасини амалиётга татбиқ этиш, замонавий техника ва технологияларни лойиҳалаштириш ва қурилишга жорий этиш, турар жойлар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларининг замонавий турдаги, шу жумладан, экспериментал лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти муассислигида давлат унитар корхонаси шаклидаги “Самарқанд меъмор лойиҳа” лойиҳа-қидирув ташкилотини (кейинги ўринларда “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК деб аталади) ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилди.
2. “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг ходимлари чекланган умумий сони 117 нафар бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқланди.
“Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУК директорига Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишган ҳолда, зарурат бўлганда, “Самарқанд меъмор лойиҳа” ДУКнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
3. Қуйидагилар “Самарқанд меъмор лойиҳа" ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларида қурилиши режалаштирилаётган муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларни лойиҳалаштириш ҳамда ҳудуднинг архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
аҳоли пунктлари ҳудудларини қуришни ривожлантириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
транспорт ва йўл қурилиши объектлари ва комплексларини лойиҳалаштириш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини, магистрал муҳандислик тармоқларини, жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимлари билан бирга, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
















