Жаҳон | 17:00 / 06.12.2017
19449
3 дақиқада ўқилади

«Кейин хафа бўлманглар». Назарбоев маҳаллий компанияларни қаттиқ огоҳлантирди

Фото: Tengrinews

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳукуматга маҳаллий компанияларнинг молиявий маблағларини хориждан қайтариш топшириғини берди, деб хабар қилмоқда Tengrinews.kz.

Давлат раҳбари Саноатлаштириш кунига бағишланган тадбир давомида кескин танқид билан чиқиб, маҳаллий компаниялар пулларни хорижий ҳисобларда сақламаслиги кераклигини маълум қилди.

"18 та маҳаллий компания хорижда 12,5 миллиард долларни сақлайди. "Тенгизшевройл" – 4,5 миллиард доллар. "КазМунайГаз" – 3 миллиард доллар. "РД "КазМунайГаз" – 2 миллиард доллар. "Осиё газ қувури" – миллиард доллардан ортиқ, "Бейнау – Чимкент" газ қувури – 100 миллион, ва ҳоказо", - деган Нурсултон Назарбоев.

"Уч марта легаллаштириш рўй берди, кимдир жавобгарликка тортилдими? Ҳеч ким... Сизлар хорижда сақлаётган пулларингизни йўқотасиз, наҳотки буни кўрмаяпсиз? Санкциялар шароитида ҳеч ким сизга ёрдам бермайди. Пулларни қайтаринг ва уларни Қозоғистонда сақланг. Сизларга қандай кафолат керак? Қонунлар, фармонларми? Мен буни қиламан. Буни ўзларингиз қилмасангиз, бизнинг ўзимиз қиламиз. Кейин хафа бўлманглар", - дея қўшимча қилиб ўтган Қозоғистон президенти.

Нурсултон Назарбоевнинг таъкидлашича, фақатгина биринчи ярим йилликда давлат назоратида бўлган компаниялар хорижда сақланаётган маблағни 2 дан 6 миллиард долларга қадар оширган.

"Ҳукуматга топшириқ бераман, акциядор сифатида. Вазиятни ўрганиб чиқасизлар ва менга ҳисобот берасизлар. Ҳар бири билан гаплашамиз, ҳар бири билан", - дея мурожаат қилган президент Қозоғистон бош вазири Бахтжон Сағинтаевга.

"Агарда буни қилмасангиз, огоҳлантираман, унда мен бу пулларни қайтариш бўйича бошқача иш кўраман. Бироқ сизлар бўлмайсизлар. Биз сизлардан тортиб оламиз ёки нимадир қиламиз, деётганимиз йўқ. Давлат сизларга бу пулларни корхона сифатида ишлаб топишга шароит яратиб берди ҳамда сиз давлатдан Қозоғистон пулларини яширмоқдамисиз? Бас", - дея хулоса қилган Нурсултон Назарбоев.

Мавзуга оид