Ўзбекистон Президенти 2017 йилнинг 2 сентябрида “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бугунги кунда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Шунга қарамай, валюта айирбошлаш масалаларига оид тарқатилаётган маълумотлар аҳоли ўртасида айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. "Халқ сўзи" мухбири уларга ойдинлик киритиш, қолаверса, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган янгиликлар, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган қўшимча қулайликлар ҳақида суҳбатлашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Ботир Зоҳидовга мурожаат қилди.

— Ботир Эркинович, суҳбатимизни валюта сиёсатини тубдан ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган тарихий ҳужжатнинг иқтисодиётимиз ривожидаги аҳамиятидан бошласак...

— Албатта, Президентимиз белгилаб берган бундай катта, айни пайтда ўта муҳим ўзгаришга Марказий банк томонидан манфаатдор вазирликлар билан биргаликда қарийб бир йил давомида тайёргарлик кўрилди. Бинобарин, валюта соҳасини эркинлаштириш иқтисодиётни тубдан ислоҳ этишнинг узвий бир бўлагидир. Валюта сиёсатига маъмурий аралашув иқтисодиётимиз ривожига тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан биттаси эди. Шу маънода, ушбу соҳадаги дастлабки масъулиятли қадам — хорижий валюта курсини белгилашда бозор тамойилларига ўтиш бўлди. Хорижий валюта курсининг ҳақиқий бозор қиймати белгиланиши тадбиркорлик субъектларининг молиявий аҳволини яхшилаш, ташқи савдо фаолиятини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товар ва хизматлари рақобатдошлигини ошириш, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончи ортишига катта шароит яратди. Бунинг амалий тасдиғини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига кунига ўртача 35 — 40 минг нафар жисмоний шахс мурожаат этаётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўтган қисқа муддат давомида республикамизнинг барча ҳудудида кенг қамровли валюта айирбошлаш шохобчалари тармоғи яратилди. Ҳозирги кунда тезкор ҳамда замонавий банк хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган бундай шохобчалар сони 900 дан ошди. Ўтган 3 ой давомида уларга жисмоний шахслар томонидан 727 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағлар сотилди. Шу даврда тижорат банкларининг конверсион бўлимлари орқали аҳолига чет эл валютаси сотилиши миқдори эса деярли 5 баробар ортиб, қарийб 34 миллион долларни ташкил қилди.

Бугунги кўрсаткичлар ҳали ишларнинг бошланиши. Аҳолига валюта айирбошлаш операциялари бўйича хизмат кўрсатиш кўламини, банк инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.