4-5 декабрь кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (ТИҚХМИИ) Германия Федератив Республикаси Таълим ва Фан Вазирлиги (BMBF) томонидан молиялаштирилаётган “BioWat: Иқлим ўзгаришига мослашиш мақсадида Марказий Осиёнинг шўрланган ва қурғоқчил ҳудудларида ресурсларни бошқариш (Resources management in the salinized and drought stress-endangered irrigation areas of Central Asia for adapting to climate change)” илмий лойиҳаси бошланиши муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади Марказий Осиёдаги суғориладиган майдонларда коллектор-зовур сувларини самарали равишда қайта ишлатиш бўйича намунавий концепция ҳамда ижтимоий-иқтисодий тадқиқотларга асосланган тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Лойиҳа 2 йил давомида Германиянинг Лейбниц номли қишлоқ хўжалигини ландшафтлаштириш илмий тадқиқот маркази (ZALF) олимлари томонидан бошқарилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Германиянинг Кассел университети, Қозоғистоннинг У.М.Ахмедсафин гидрогеология ва геоэкология институти, Тожикистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ботаника, ўсимлик физиологияси ва генетикаси институти ҳамда Марказий Осиёнинг халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) олимлари билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. ТИҚХМИИ олимлари ва докторантлари мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда коллектор-зовур сувларини биологик технологиялар асосида тозалаш ва улардан қайта фойдаланиш бўйича илмий изланиш олиб борадилар. Батафсил маълумотни ушбу сайтдан олиш мумкин.

«Ер ва сув илмининг тадқиқи борасидаги ушбу ҳамкорлик лойиҳаси қатор ишларнинг амалга ошувида имкониятлар дарвозасини кенгроқ очишига шубҳа йўқ» дейилади Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти матбуот хизмати хабарида.