Украина мудофааси бўйича Контакт гуруҳи — «Рамштайн» форматидаги 36-йиғилишда Германия ва Буюк Британия Киевга янги ҳарбий ёрдам пакетларини эълон қилди. 8 сентябр куни видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилишда қарийб 50 давлат вакиллари иштирок этди.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Берлин Бундесвер омборларидан Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун PAC-2 тутиб қолувчи ракеталарини шошилинч равишда етказиб беришини маълум қилди.
Писториус Контакт гуруҳига аъзо бошқа давлатларни ҳам ўз ҳарбий захираларини қайта кўриб чиқиб, Украинага шундай ракеталарни етказиб беришга чақирди.
Унинг таъкидлашича, Европа давлатлари бир томондан ўз хавфсизлиги эҳтиёжларини таъминлаши, иккинчи томондан эса Украинага шошилинч ёрдам кўрсатиши керак. Бу икки вазифа ўртасида мувозанатни сақлаш осон эмаслигини тан олган Германия мудофаа вазири шубҳа туғилган ҳолатларда Украина фойдасига қарор қабул қилишга чақирган.
Писториус Украина ҳаво мудофаасини мустаҳкамлашни айни пайтдаги энг долзарб эҳтиёж деб атади. Унинг фикрича, қиш яқинлашгани сари Россиянинг ҳаво ҳужумлари кучайиши мумкин. Шу сабаб Украина қишга тайёргарлик кўришда вақт билан пойгада экани таъкидланди.
Германия PAC-2 ракеталаридан ташқари, Бундесвер захираларидан AIM-9 «ҳаво-ҳаво» ракеталарини етказиб бериш ҳажмини ҳам оширади. Берлин IRIS-T ҳаво мудофаа тизимлари ва улар учун ракеталарни етказиб беришни ҳам давом эттиради.
Украина яна бир неча минг бошқарилувчи IRIS-T ракеталарини буюртма қилишни режалаштирмоқда. Бу харидларни Украинага ёрдам кўрсатиш учун ажратилган Европа Иттифоқи кредити ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Германия Украинага дронлар етказиб беришни давом эттиради ҳамда бир неча ўн минг узоқ масофали артиллерия снарядларини харид қилишни молиялаштиради. Ушбу ўқ-дорилар Британия бошчилигидаги артиллерия ва ҳаво мудофааси консорциуми орқали харид қилиниши режалаштирилган.
Британия 100 млн фунт ажратади
Буюк Британия мудофаа вазири Уэс Стриттинг йиғилишда PURL дастури доирасида ракеталарни тутиб қолиш воситаларини тезкор етказиб бериш учун 100 млн фунт стерлинг ажратилишини маълум қилди.
Лондон, шунингдек, жорий йил давомида Украинага 120 мингта дрон етказиб бериш бўйича мажбуриятини бажаришда давом этмоқда. Британия томони маълумотига кўра, уларнинг 25 мингдан ортиғи аллақачон Украинага берилган, қолган дронлар қиш бошлангунига қадар етказиб берилиши керак.
















