Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Туркиянинг Avrupa Çocuk болалар реабилитация маркази вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Музокараларда Ўзбекистонда болаларни комплекс реабилитация қилишнинг Туркия модели асосида янги муассаса ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Ташаббус болалар учун замонавий ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган янги лойиҳа доирасида кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси 2010 йилдан буён ногиронлиги бўлган ҳамда ривожланишида турли ўзига хосликларга эга болаларга хизмат кўрсатиб келаётган Avrupa Çocuk маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Марказ аутизм спектри бузилишлари, ҳаракат функциялари, майда моторика, нутқ ва когнитив ривожланишида нуқсони бўлган болалар билан ишлайди.

Қарийб 3 минг квадрат метр майдонга эга марказ бир ойда 1,4 минг нафаргача болага хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Айни пайтда Истанбулда унинг 13 та филиали фаолият юритади. Туркия Миллий таълим вазирлиги билан ҳамкорликдаги дастурлар доирасида болалар ва уларнинг оилаларига хизматлар бепул кўрсатилади.

Туркия моделининг асосий хусусиятларидан бири ҳар бир болага индивидуал ёндашув ҳисобланади. Дастлабки текширувдан кейин мутахассислар боланинг эҳтиёжларини аниқлаб, унга мос реабилитация ва таълим дастурини ишлаб чиқади. Боланинг ривожланиш динамикаси эса мунтазам баҳолаб борилади.

Реабилитация жараёнига физиотерапевтлар, логопедлар, психологлар ва педагоглар жалб қилинади. Сенсор интеграция, нутқ ва жисмоний терапия, шунингдек, мустақиллик ва кундалик ҳаёт кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган махсус дастурлар қўлланилади.

Томонлар ота-оналарни реабилитация жараёнига жалб қилиш, улар билан ишлаш ҳамда болаларнинг янги муҳитга мослашувини таъминлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Ташриф якунларида Туркия тажрибаси Ўзбекистонда болалар реабилитацияси тизимини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этилди. Бўлажак лойиҳанинг аниқ параметрлари кейинги ҳамкорлик доирасида белгилаб олиниши режалаштирилган.