Жаҳон | 14:20 / 07.12.2017
36416
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Инни йўқ қилиш учун отряд тузилади

Фото: File Photo / Reuters

Жанубий Корея КХДР етакчиси Ким Чен Инни йўқ қилиш учун махсус отряд тузади. Бу ҳақда«Коммерсантъ» нашрида ёзилган.

Жанубий Корея раҳбарияти 2018 йилги мамлакат мудофаа бюджетига Ким Чен Инни ўлдириш харажатларини ҳам расман киритган. 340 миллион вон (310 минг доллар) миқдоридаги маблағ Шимолий Корея раҳбариятини йўқ қилишдан иборат бўлган минг кишилик отрядни тайёрлаш ва қурол билан таъминлашга йўналтирилади.

Газетада ёзилишича, бундай отряд Американинг 2011 йилда халқаро террорчи Усама бин Лодинни йўқ қилган SEAL Team Six отряди дастури бўйича шуғулланади. Махсус топшириқли жангчилар ўзини-ўзи йўқ қиладиган дронлар, разведка дронлари ва станокли гранатомётлар билан таъминланади. Шунингдек, Ch-47 Chinook русумли Америка транспорт вертолёти Шимолий Корея ҳудудига сездирмасдан кириши учун модернизация қилинади ва такомиллаштирилади.

Жанубий кореялик амалдорлар кейинроқ отряд учун харажатларни кўпайтириб, унга 26 миллиард вон (24 миллион доллар) сарфлашни режалаштиришган.

Бундан олдинроқ Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Корея ярим ороли яқинидаги ҳарбий машғулотларига изоҳ бериб, КХДР урушга тайёрланиши кераклиги, ярим оролда уруш келиб чиқишидан қочиб қутулиб бўлмаслигини билдирганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид