6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишини эълон қилди. Бундан аввалроқ у Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ва Иордания қироли Абдулла II АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Ал-Қудсга кўчирмоқчи экани ҳақида хабардор қилганди.

Трампнинг бу қарорини минтақадаги давлатлар ҳам, Европадаги иттифоқчилар ҳам норозилик билан қарши олишди, улар бу қарор Яқин Шарқдаги вазиятни янада таранглаштириши мумкинлигидан хавотир билдиришди.

Қуйида ушбу мавзунинг асосий қисмлари келтирилади. Нима учун шаҳарнинг мақоми 70 йилдан ортиқ вақтдан буён аниқ эмаслигига изоҳ изланади.

Можаро тарихи

1947 йилнинг 29 ноябри — БМТ Бош ассамблеяси Британиянинг Яқин Шарқдаги мандати қисмларга бўлинишига ва бу ҳудудда яҳудийлар ҳамда араблар давлати тузилишига розилик берди. Ал-Қудс (Қуддус) БМТ назоратидаги махсус ҳудуд бўлиши керак эди. Яҳудийлар бу режани маъқуллашди, араблар қарши чиқишди — улар ўзларига берилган ҳудуднинг ҳажми ва сифатидан норози эди.

Жамол ал-Ҳусайний - Араб қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи

1947 йил 24 ноябрь — «Агар яҳудийлар Фаластиннинг бир парчасини қўлга киритса ҳам, замин олов ва қонга ботиши керак».
1948 йил 16 апрель — «Яҳудийлар агентлиги вакили улар ҳужум қилмаганини айтди. Аммо араблар тўқнашувга киришган. Биз буни инкор этмаймиз. Биз жанг қилишимиз ҳақида бутун дунёга жар соламиз».

1948 йил 14 май — Яҳудийлар агентлиги раиси Давид Бен-Гурион Буюк Британия қўшинлари чиқиб кетгач мустақил Исроилни бошқара бошлайди.
1948 йил 15 май — Миср, Сурия ва Трансиордания иттифоқчилигидаги Араб лигаси давлатлари қўшини Британия қолдириб кетган ҳудудларга ҳужум бошлайди. Иорданиялик ҳарбийлар бир ярим йил давомида Қуддусга ҳужум қилишади ва унинг шарқий қисмида назорат ўрнатишади.
1948 йил 13 декабрь — Трансиордания Шарқий Қуддусни босиб олади. Буни фақат Буюк Британия, СССР ва Покистон тан олади.
1949 йил 19 декабрь — Исроил Ғарбий Қуддусни ўз пойтахти деб эълон қилади. Бир ярим йил ўтиб Трансиордания Шарқий Қуддусни ўз пойтахти деб эълон қилади ва яҳудийларни Эски шаҳарга ҳамда яҳудийлар қабристонига ўтказмай қўяди.