Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармони имзоланди. 

"Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, тармоқни комплекс модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, замонавий инновацион ишланмалар ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш каби долзарб масалалар ечимига қаратилган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. 

Ўз навбатида, бугунги кунда аграр соҳада эркин бозор муносабатларини жорий этиш, таълим, фан ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини интеграциялаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тизимни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда", дейилган фармон матнида. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб, халқимизнинг ризқ-рўзи ва фаровонлигини, юртимизнинг иқтисодий қудратини ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, аграр секторда ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, илғор агротехнологияларни амалиётга жорий этиш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагилар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган: 
 

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор»

Хайдарова Зайнаб - Нарпай туманидаги «Меҳнат-роҳат» фермер хўжалиги бошлиғи, Самарқанд вилояти 
 

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими»

Ахмедов Мухамад Исматович - Бухоро туманидаги «Маданият Муҳаммад Исмат» фермер хўжалиги бошлиғи, Бухоро вилояти 
 

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» 

Рахимов Ботир - «Аму-Қашқадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи, Қашқадарё вилояти 

Хамраев Шавкат Рахимович - Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари