16:54 / 13.12.2017
18319

Ичкиликнинг оқибати - невара бувисининг умрига зомин бўлди

Фото: Riauair.com

Шу йилнинг 11 декабрида Тошкент вилояти Қибрай туманида мастлик оқибатида рўй берган жанжал ўлим билан якун топди. Вилоят ИИБ Тергов бошқармасининг хабар қилишича, 1991 йилда туғилган фуқаро У.Н. маст ҳолатда ўзи билан бир хонадонда яшовчи бувиси, 1932 йилда туғилган У.М. билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик натижасида қўли билан унинг юз қисмига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда М.У. Қибрай тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига қариндошлари томонидан олиб келинган ва шифокорлар томонидан унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 2017 йил 12 декабрда мазкур шифохонада вафот этган.

Туман марказий шифохонасининг тиббий маълумотномасига кўра, У.М.нинг юзида кучли шиш, бошининг юқори қисми, юз, иккала кафт, тирсак соҳаларида кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари ва тери ости гемотомаси, иккала ёноқ пастки жағ соҳасида крепитация каби тан жароҳатлари аниқланганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, У.Н.ушланган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дастлабки суриштирув жараёнида оилавий келишмовчилик сабаблари ўрганилганда, У.Н. доимий равишда спиртли ичимликларни истеъмол қилиб келганлиги сабабли уни тартибга чақирмоқчи бўлган бувиси У.М.нинг тарбиявий аҳамиятга эга танқидларини тўғри қабул қилиш ўрнига, у билан жанжаллашиш оқибатида бувисининг ўлимига сабабчи бўлганлиги аниқланди.

ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига кўра, гумонланувчининг айби судда тасдиқланса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланиши мумкин.

Top