Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь 2017 йил “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини имзолади. Хўш мазкур ҳужжатни қабул қилишга нима туртки бўлди, нима учун қабул қилинди, ушбу фармон ижроси юзасидан қандай ишлар амалга оширилади? ЎзА агентлигида эълон қилинган фармонга шарҳда юқоридаги саволларга батафсил жавоб берилган. 

Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчиллик билан такомиллаштириш аҳоли ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 

Сўнгги йилларда мамлакатда давлат органларининг мазкур соҳадаги фаолияти сифатини ошириш, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатишда мақбул шарт-шароитлар ва қулайликлар яратишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Хусусан, 2017 йил 1 февралдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича муҳим қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада ушбу марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди. 

Шу билан бирга, халқ билан очиқ мулоқот натижалари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишида айрим тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда. 

Авваламбор, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин. Бунда фуқаролар ҳанузгача турли давлат органлари ва ташкилотларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлмоқдалар. 

Қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги, шунингдек, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги вазиятни мураккаблаштириб, барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишни таъминлаш имконини бермаяпти.