Ўзбекистон | 13:40 / 19.12.2017
112495
2 дақиқада ўқилади

«Абу Сахий»​ бозорида ўзгаришлар бошланди

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «Абу Сахий» МЧЖ савдо марказида ташкилий ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz'га ишончли манба хабар берди.

Маълум қилинишича, «бозор маъмуриятида бир мунча ўзгаришлардан сўнг (раҳбарият алмашинувига ишора қилмоқда - таҳр.) унинг номи ҳам янгиланиши кутилмоқда». Kun.uz​ мухбири билан суҳбатлашган мутасадди вакилнинг айтишича, «жамиятнинг янги номдаги ҳужжатлари тегишли идоралардан рўйхатдан ўтиши билан оммага эълон қилинади». 

Аммо, «Абу Сахий» МЧЖ раҳбарияти ушбу хабарга аниқ муносабат билдиришдан бош тортиб, «ўзгариш кутилмаётганини» таъкидлади. Шунингдек, «Тошбозорсавдо» уюшмаси вакили ҳам ўзгаришларга аниқ изоҳ бермади.

«Абу Сахий» уюшма аъзолигига кирмайди, бундан ташқари у хусусий мулк ҳисобланади»​, дейди мутасадди ходим.

Айни пайтда, «Абу Сахий» номи савдо биноси ҳамда асосий дарвоза устунидан олиб ташланган бўлиб, унинг ўрнига «Тошкент Савдо Маркази​»​ ёзуви ўрнатилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса савдо маркази «​Буюк Ипак йўли»​ ёки «​Тошкент Ипак йўли» номига ўзгариши ҳақида ёзмоқда.​

Илк марта ушбу бозор билан боғлиқ хабарлар 2016 йилнинг сентябрь ойида тарқалганди. Ўшанда «даромадларни солиқдан яшириш» аломатларини аниқлаш мақсадида бозор фаолияти текширилгани айтилганди. 2017 йил февраль ойида эса бир гуруҳ тадбиркорлар бозор қошида фаолият олиб борадиган терминал ўз ишини тўхтатиб қўйгани ҳақида хабарларни тарқатган.

Мавзуга оид