

Жорий йил 8 апрель куни, Жума намози вақтида бўлиб ўтган «Абу Сахий» масжидининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва бошқа расмийлар қатнашди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов ўз вазифасидан ажралмаган ҳолда «Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.

Масжид ичи жуда кенг бўлиб, икки қават ва ер остки қисмдан (подвал) иборат.


35 метрли йирик гумбазни 8 та устунлар ушлаб туради. Масжид расмийларининг айтишича, 8 та устунлар жаннатнинг 8 дарвозаси рамзи сифатида қурилган.


Масжид ва гумбазнинг марказида 8,5 метр узунлик ва 8,5 метр кенгликдаги, оғирлиги 5 тонна бўлган ҳашаматли қандил илинган.


Масжидни ташқи тарафдан 2 та 63 метрли миноралар безаб турибди. «Миноралар узунлиги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёшларига мослаб 63 метрдан қилинган. Бу ерда ҳар бир деталга маъно беришга ҳаракат қилганмиз», - дейди масъуллар.































