Қуйидаги футболчилар ҳали 19 ёшга тўлмади. Аммо шундай катта шартномаларга эга бўлиб улгурдиларки, танилиб улгурган баъзи футбол юлдузлари улардан камроқ маош олишади. 

Кристиан ПУЛИШИЧ (Боруссия, Дортмунд) – ҳафтасига 26 минг фунт

Камроқ олади: Жошуа Киммиҳ (Бавария) – 25 минг фунт

«ПА Классикс» жамоасидан сотиб олинган америкалик футболчи аллақачон 75 ўйинда асосий таркибда тушиб улгурди. Кристианнинг муваффақиятларини пайқамаслик осон эмас, у дортмундликлар сафида нафақат асосий футболчилардан бири бўлиб олди, балки АҚШда ҳам 2017 йилнинг энг яхши футболчиси, деб эътироф этилди.
 

Кай ХАВЕРЦ (БАЙЕР) – ҳафтасига 27 минг фунт

Камроқ олади: Сусо (Милан) – 22 минг фунт

Хаверц ҳам худди Пулишич сингари, 35 ўйин билан ўз жамоасининг асосий таркиб футболчиси бўлиб улгурган. Хаверц ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп суради. Кай Германиянинг барча ёшдаги терма жамоаларида ўйнаб чиқди ва келаси йил Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига бориш учун номзодлардан биридир. Табиийки, у Европадаги бир қатор скаутлар назарига тушиб улгурган ва жуда яқин йилларда у янада каттароқ шартномага эга бўлишини кутса бўлади.
 

Янн КАРАМО (Интер) – ҳафтасига 32 минг фунт

Камроқ олади: Дрис Мартенс (Наполи) – 28 минг фунт

Карамо – «Кан» клуби тарбияланувчиси. У Африкада туғилган бўлса-да, Франция ёшлар терма жамоаси аъзоси саналади. Марказий ҳужумда ҳам, ўнг қанотда ҳам самарали ҳаракат қила олади. Футболчи билан бир қатор инглиз клублари қизиқишди, аммо «Интер» Карамо учун рақобатда ютиб чиқди ва кейинчалик сотиб олиш шарти билан икки йилга ижарага олди. Ҳозирча, яъни юқорида санаб ўтилган тенгқурлари каби, асосий таркиб ўйинчиси эмас, аммо ким билади, балки Спаллетининг баҳордаги қуролларидан бири айнан Карамо бўлиб чиқар...