«Атлетико» «Барселона» устидан ФИФАга шикоят қилди. Сабаб: каталонияликлар клуби раҳбарияти вакиллари Антуан Гризманн ва унинг вакиллари билан учрашгани. Мадриддагиларнинг ҳисоблашича, бу орқали «Барса» рақобатчига зарар етказиб, уни чемпионлик пойгасидан чиқармоқчи – айни вақтда «Атлетико» турнир жадвалида каталонияликларни 6 очколик фарқ билан таъқиб қилиб, иккинчи ўринда бормоқда.

Gettyimages.ru/Gonzalo Arroyo Moreno

Мадридликлар клуби раҳбарияти ФИФА қоидаларига таянмоқда: «Профессионал футболчи билан шартнома имзолашни истаган клуб, у билан музокаралар бошлашдан аввал биринчи навбатда унинг жамоасига расмий хат билан мурожаат қилиб, ўз ниятини билдириши керак».

2017 йилнинг июнида «Атлетико» Гризманн билан шартномани 2022 йилгача узайтирди, янги шартномага кўра, унинг трансфер нархи 200 млн еврога етказилди, аммо бир мавсум ўтиб – 2018 йилнинг ёзида форвардни 100 млн еврога сотиб олиш мумкин бўлади. Шу туфайли мадридликлар клуби 18.3 моддага жон-жаҳди билан ёпишиб олган: «Профессионал футболчи бошқа клуб билан фақат шартнома муддати тугагач ёки шартнома муддати тугашига 6 ой вақт қолганида янги шартнома имзолаши мумкин бўлади. Акс ҳолда, тегишли санкциялар қўлланади».

«Атлетико» аввалдан суғурталаниб олмоқда – бу мантиққа тўғри келади. 2005 йилнинг июнида ФИФА «Рома»ни Мексеснинг «Осер»дан трансфери вақтида қоидалар бузилгани учун жазолаганди: ҳимоячи 2004 йил ёзида, француз клуби билан шартномаси бўлишига қарамасдан Римга келганди. Якунда италияликлар клуби «Осер»га 5,3 млн евро миқдорида жарима тўлади, футболчи 6 ҳафталик дисквалификацияга учради, «Рома» – икки трансфер ойнаси давомида янги футболчи сотиб ололмайдиган қилинди.

2007 йилда ФИФА шундай ҳолатни «Ланс» футболчиси Гаэль Какутанинг трансферида қайд этди. Икки йил ўтиб «Челси» икки трансфер ойнаси мобайнида янги футболчиларни трансфер қилишдан маҳрум этилди ва клубга 780 минг евро миқдорида жарима белгиланди. Аммо клуб кейинроқ апелляция бериб, Спорт арбитраж судида ютиб чиққанди.

Гризманнинг «Барселона»га трансфери ҳақида илк миш-мишлар Неймарнинг «ПСЖ»га кетишидан кейин урчиганди. Аммо бу ҳақдаги гаплар тезда тинчиди: «Манчестер Юнайтед» футболчи учун асосий даъвогарга айланди, испан матбуоти эса каталонияликларнинг асосий нишонида Дембеле ва Ди Мария турганини, буни жамоанинг янги бош мураббийи Эрнесто Вальверде истаётгани ҳақида ёза бошлади. Якунда Усмон Дембеле катта нарх эвазига Каталонияга олиб келинди. Гризманн эса инсонийлик кўрсатиб, янги футболчи сотиб олиши тақиқланган «Атлетико»га ёрдам бериш учун қолишга қарор қилди.