Toyota Motor Company тўлиқ электр автомобилларига ўтиш режаси ҳақида эълон қилди. Toyota ва Lexus брендлари остида ишлаб чиқарилаётган барча моделлар 2025 йилга келиб фақат электр ва гибрид куч қурилмалари билан таклиф этилади. 2030 йилга келиб компания 5,5 млн электрлаштирилган автомобиллар савдоси даражасига эришишни режалаштирмоқда, улардан 1 миллиони атмосферага зарарли моддалар чиқариб ташланишининг ноль даражасига эга бутунлай электр моделлар (EV) бўлади ҳамда фақатгина батареялар (BEV) ёки водородли ёқилғи ячейкалари (FCEV) базасида ишлайди.
Toyota моделлар қаторини электрлаштириш жараёнини 10 йилда (2020-2030 йиллар) амалга оширишни мўлжалламоқда. Бу вақт мобайнида компания гибрид моделлар (HEV), қайта қувватланувчи гибридлар (PHEV), шунингдек BEV ва FCEV электрмобилларни ишлаб чиқариш ва фойдаланишга топширишни сезиларли даражада тезлаштириш ниятида. Toyota 2020 йилга келиб жаҳон бозорига камида 10 та BEV моделини чиқаришга ваъда бермоқда. Янги маҳсулотларни сотиш аввал Хитойда, кейин Япония, Ҳиндистон, АҚШда ва охирида Европада бошланади. Айни пайтда компанияда деярли биронта ҳам электр автомобили йўқ, чекланган миқдордаги бозорларда сотилаётган FCEV Mirai модели бундан мустасно. Бироқ кейинги ўн йил ичида компания нафақат енгил автомобилларни, балки FCEV тижорат моделларини ҳам чиқаради.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Toyota сўнгги йилларда аккумуляторли батареялар асосида ишлайдиган электрмобилларга анча шубҳа билан қараган. 2014 йилда у Tesla Motors билан биргаликда RAV4 кроссоверининг электр версиясини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳадан воз кечди ва iQ мини-карининг электр модификациясини ишлаб чиқаришни ёпди, бунга савдолар даражасининг пастлиги сабаб бўлди. Компания АҚШ ва Японияда атиги 100 тага яқин бундай машиналарни сотди. Шунга қарамасдан, компания узоқ вақт давомида замонавий ғояларга қарши тура олмади. Бошқа йўл ҳам йўқ эди. Эътиборни бироз пасайтириш кифоя – асосий рақиблар сендан тезлик билан ўтиб кетади. Натижада, Япониянинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси стратегияни ўзгартиришга қарор қилди. Умуман олганда, албатта, нафақат рақобатчиларнинг фаоллиги, балки Хитой, Ҳиндистон, Европа давлатлари ва бошқа мамлакатларда тайёрланаётган қонун лойиҳалари ҳам бунга таъсир кўрсатди. Уларда атмосфера ифлосланишини камайтириш ва зарарли газлар чиқариб ташланишини қисқартириш учун экологик тоза транспортдан фойдаланиш тартибга солинади. Шунинг учун Toyota узоқ муддатли истиқболда 2050 йилга бориб ўзининг барча янги моделларида карбонат ангидриднинг чиқариб ташланиши даражасини 2010 йилги кўрсаткич билан солиштирганда 90 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда.


















