Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 декабрь куни мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Мактабгача тарбия таълим тизимининг бирламчи ва энг муҳим бўғини ҳисобланади. Соғлом генофондни, етук кадрларни тарбиялаш, аввало, шу тизимдан бошланади.

Бироқ шу пайтгача бу тизим ривожланишдан ортда қолган эди. Охирги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайган. Оқибатда мактабгача ёшдаги болаларнинг 33 фоизи боғчаларга қамраб олинган, холос. Бу кўрсаткич Данияда 99 фоиз, Японияда 97 фоиз, Жанубий Кореяда 95 фоизни ташкил этади.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларни ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этилмаган. 

Умуман, боғчалар “ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассаса”га айланиб қолган.

Президент мамлакат келажаги ва равнақида муҳим ўрин тутадиган бу соҳага алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакат ҳудудларига ташрифи чоғида мактабгача таълим муассасаларини кириб кўрмоқда. Шавкат Мирзиёев раислигида бу соҳани ривожлантириш бўйича бир неча йиғилишлар ўтказилгани ҳам ана шу эътибордан далолат.

Давлат раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида соҳа олдидаги долзарб вазифалар ва устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шу куни қабул қилинган Президент қарорига асосан бу соҳада алоҳида вазирлик – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Янги вазирлик зиммасига мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, муассасаларга болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари юкланди.

Бугунги кунда бу борада давлат дастури қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилиб, жойлардаги аҳволни яхшилаш, янги боғчалар қуриш, жумладан, нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда.