Жаҳон | 14:20 / 20.12.2017
19178
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда фуқароларга қурилиш материалларини паспортсиз сотиш тақиқланди

Фото: Dreamstime

Нарзулло Холиқов бир неча йилдан бери Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги «Варзоб» бозорида қурилиш материалларини сотиш билан шуғулланиб келади. Унинг сўзларига кўра, паспортсиз сотилиши тақиқланган қурилиш материаллари рўйхати мавжуд.

«Агар харидорга мих, темирдан тайёрланган материаллар ёки кальций карбиди керак бўлса, биз ундан паспорт кўрсатишни сўраймиз. Харидор ҳақидаги барча маълумотлар, шунингдек, унинг мобиль телефон рақамини махсус дафтарга ёзиб оламиз», - дейди Нарзулло Холиқов. 

Дафтарда маҳаллий ИИБ муҳри бор, туман милиция ходимлари вақти-вақти билан қурилиш материаллари бозорида рейдлар ўтказади, унинг давомида дафтардаги ёзувлар, албатта, текширилади. «Бизни жиддий тарзда огоҳлантиришди – қонунбузарлик учун жазо белгиланган. Баъзида одамларга жуда ачинамиз. Айтайлик, олисда жойлашган қишлоқда яшовчи одам шаҳарга мих учун келади. Бироқ унинг паспорти йўқ. Албатта, ачинамиз, бироқ ҳеч нарса қила олмаймиз. Улар ҳеч нарсасиз қайтиб кетишади», - дейди қурилиш материаллари сотувчиси.

Бироқ паспорт тақдим этишни ёки мобиль телефон рақамини айтишдан кескин бош тортувчи харидорлар ҳам бор. Нарзулло Холиқовнинг сўзларига кўра, кўплаб сотувчиларга милициянинг бундай огоҳлантирув чораси ёқмаяпти – улар даромаддан қуруқ қолишмоқда, сабаби камдан-кам харидор бозорга бориш чоғида ўзи билан паспортни олади, деб хабар бермоқда тожик ОАВ.

Тожикистон ИИВдан аниқлик киритишларича, қурилиш материалларининг баъзи турларини паспортсиз сотишга бўлган тақиқ мамлакатда террорчилик ҳужумларининг олдини олиш мақсадида қўйилган. «Террорчилар аксарият ҳолатларда бомбаларни тайёрлашда михлар ва болтлардан фойдаланади. Бу материалларни эса бозордан сотиб олишади», - дея айтиб ўтган ИИВ ходимларидан бири. 

Тожикистон ИИВ маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда 36 та террорчилик хуружининг олди олинди.

Мавзуга оид