Ўзбекистон | 17:00 / 22.12.2017
42723
2 дақиқада ўқилади

Президент барча идораларга ўз вазифалари ва ваколатлари чегарасини эслатиб ўтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида ҳар бир орган иш фаолиятини юритишда Конституциявий нормаларидан чиқмаслиги кераклигини айтди.

Президент ватан ва халқ манфаати, деб идорасининг номини рўкач қилиш тақиқланишини таъкидлади.

«Одамлар қаттиқ чарчаган. Халқимиз тарихда 37-йилни кўрган. Энди биронта фуқаро қалбаки далиллар ва бўҳтонлар билан жавобгарликка тортилмаслиги шарт. Ундай вақтлар ўтди.

Конституция ва қонун нормалари сўзсиз ишлаши учун ишончли кафолатлар яратишимиз зарур.

Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларининг иш фаолиятини юритишда Конституциявий нормалар бор. 

Уларнинг нормадан чиқишига ҳақи йўқ. Конституцияни бузишга менинг ҳам ҳақим йўқ.

Ҳар бир органга чегара бор. Органлар бир-бирининг вазифасини такрорламаслиги керак. 

Ички ишлар жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш билан, Миллий хавфсизлик хизмати давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиши лозим. Ҳамма билиб олсин. Прокуратура қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориши зарур. Судларнинг иши адолатни қарор топтиришдан иборат. Ҳамма ўз иши билан шуғулланиши керак.

Ҳар бир ҳудудда шу идоралар вакиллари ҳокимга бўйсунади. Ҳоким вилоятда Президентнинг вакили, бу масалани муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ», деди Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид