«Ҳали эрта деманг», ўтган бир йилгина вақт ҳам айрим хулосаларни чиқаришга етарли бўлди. Бир гапни олдиндан айтиб қўяй, мени маддоҳликда айблаб, изоҳ қолдириб ўтирманг! Мен маддоҳликдан йироқман, президент менга орден, медаль, ақалли «Конституциянинг 25 йиллиги» деган нишон тугул, бир пачка печенье ҳам бергани йўқ. Олиш ниятим ҳам йўқ. Аммо менга бошқа нарсани берди: эртанги кунга ишончни! Кўзим кўриб турганини айтаман, холос.

1. Давлатимиз раҳбарининг фаолияти ҳақида нафақат мамлакатимиз ичида, балки хорижда ҳам ижобий фикрлар айтилмоқда. Бундай хулосалар билдирганлар орасида машҳур олимлар, давлат ва жамоат арбоблари билан бир қаторда, мамлакатимизга нисбатан унча ҳам хайрихоҳ бўлмаганлар, ҳатто мухолифатчилар ҳам бор. Мисол келтириб ўтирмайман, ўзингиз гувоҳсиз, катта-катта минбарлардан президентимиз ҳақида ажойиб фикрлар айтилмоқда. Туркиядаги ватандошларимиз айтади: «Туркияда ҳали бирор мамлакат раҳбари бизнинг президентчалик тантанали кутиб олинмаган».

2. Балки энг асосийсидир. Қўшниларимиз билан шунча йил тақа-тақ ёпилган чегаралар очилди. «Бор товоғим, кел товоғим» бошланди. Қўшни давлат раҳбарлари тез-тез учрашиб, ажойиб келишувларни имзолашаяпти. Иншааллоҳ, шу кетишда бўлса, беш-ўн йилдан кейин манов Ўзбекистон, анов Қозоғистон, наригиси Тожикистон, ҳай ановиси Туркманистон-у, мановиси Қирғизистон, деб юрмаймиз. Ўртада божхона ҳам бўлмайди, бетон блок ҳам бўлмайди, биров «Пулинг қанақа?» ҳам демайди...

3. Ўзбекистон тарихида биринчи марта президент маҳбусларни АФВ қилди. 2700 оилада байрам бўлди. «10.000 кишини афв қилмоқчи эдим...», деди президент байрам куни. Демак, кейинги сафар камида 10.000 киши афв қилинади, чунки президент қайси сўзини шамолга совурганини кўрдингиз?

4. Эркин иқтисодий зоналарни кўраяпсизми? Мен Ургутдагисини кўраяпман, ўзим ўша ерликман. Четда юрган ургутликнинг ҳаммаси Ургутга қайтиб келаяпти. Тарихда бўлмаган ишлар бўлаяпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

5. Чет элга чиқиб кетган «Ақл эгалари»ни президент қайтариб келаяпти. «Ўша ерда олаётганингдан катта ойликни бераман, кел, ватанда ишла!», деяпти. Бир ургутлик врач профессор бўлиб, Москвада мия жарроҳлигини амалга оширадиган машҳур нейрохирург билан шахсан кўришган президент ундан нега Ўзбекистонда ишламаётганини сўрабди. «Мени Ўзбекистонда сиғдиришмади», деб профессор очиғини айтиб қўя қолибди. «Ўзингизга худди мана шунақа клиника қуриб берсам, Ургутга бориб, ўз халқингизни даволайсизми?», дебди президент. «Албатта, бораман», дебди профессор. Нима бўлди, деб ўйлайсизлар? Москвадагидан икки баравар катта бўлган профессорнинг шахсий клиникаси битай деб қолди.