Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 20 декабрь куни «Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Шу билан бирга, мазкур соҳада айрим давлат бошқаруви органлари ваколатларининг аниқ белгилаб қўйилмаганлиги ва функцияларининг такрорланиши молия институтлари билан ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича идоралараро кенгаш томонидан қарз, кредит ва грант маблағларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш борасидаги ишларнинг ташкил этилиши ваколатли давлат органларининг масъулияти ва ташаббускорлигини пасайтиради, ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ва харажатларга олиб келади.

Қарз, кредит ва грант маблағларини жалб этиш, етакчи молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарали ва замонавий талабларга жавоб берадиган тизимини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасидан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси — молия институтлари билан марказлаштирилган ҳамкорлик бўйича ваколатли орган (бошқарувчи идораси);

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов — Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Жаҳон банки гуруҳи, Ислом тараққиёт банки гуруҳи, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа молия институтлари билан марказлаштирилган ҳамкорлик бўйича бошқарувчи;

Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси — Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Жаҳон банки гуруҳи, Ислом тараққиёт банки гуруҳи, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа молия институтлари билан марказлаштирилган ҳамкорлик бўйича бошқарувчи ўринбосари;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки — Халқаро валюта фонди билан марказлаштирилган ҳамкорлик бўйича ваколатли орган (бошқарувчи идораси);