Инсон олий хилқат деб улуғланади. Аммо баъзан одамларнинг тубанликка юз тутишига гувоҳ бўлиб, беихтиёр, уларда она заминдаги энг олий мавжудотга хос бўлган хислатлар умуман бўлганмикан, деган шубҳага борасан.
Нодир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмушнинг муштлари остида тирикчиликнинг анча сердаромад йўлини топди. Асли қорақалпоғистонлик бўлган бу йигит маҳаллий бозорлардан бўрдоқи новвосларни арзонроққа харид қилар, уларни бироз боқувда сақлаб, сўнгра пойтахтга олиб келиб сотар эди, деб ёзади “Постда” газетаси.
Йигирмага яқин бўрдоқи ҳўкизларни юк автомашинасига ортиб, шаҳри азим томон навбатдаги сафарга отланганида унинг кайфияти ҳар доимгидек чоғ эди. Сафар олдидан доимий ҳамроҳи – Баҳром билан тамадди қилиш асносида “эллик-эллик”нинг бир нечтасини “овқат тагида” қолдиришга ҳам улгурди.
Йўлнинг икки томонидан лип-лип ўтиб ортда қолаётган кенгликлар уни олис манзил томон кузатиб қўяётгандек гўё. Сокин мусиқа оҳангига мослаб бошини чайқатиб бораркан, Баҳромга кўз ташлади. У доимгидек пинакка кетганди. Бу одатий ҳол. Йўл ярмигача шундай боради-да, кейин уйғониб Нодир билан ўрин алмашади. Узоқ йўлда бундай эҳтиёт чораси анча асқотади.
Шу тахлит қош қорайиб, атрофга тун зулмати чўкди. Кимсасиз даштни ортда қолдириб, соат тунги ўндан ошганда Навоий вилоятининг Кармана тумани ҳудудига кириб келишганида, Нодирни бироз уйқу элита бошлади.
Шу пайт ортда келаётган бошқа юк автомашинаси қувиб ўтиш учун ишора бергани негадир унинг ғашига тегди. Тезликни кескин ошириб, “рақиби”ни ортда қолдириб кетди.
- Келиб-келиб “Мерс”ни қувиб ўтмоқчимидинг? Мана буни тезлик дейдилар оғайни, - Нодир қудратли “тулпори” моторининг бир текис гувуллашига қулоқ тутаркан, орқани кўрсатувчи ойнадан анча олисда қолиб кетган юк автомашинасига ғолибона кўз ташлаб қўйди.
Шу лаҳзада фалокат юз берди. Бир сонияда йўлдан кўз узганлиги сабаб қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёдани ўз вақтида илғай олмади. Кузовга урилган одам йўлнинг қарама-қарши қатнов қисми томонга учиб тушганини кўришга улгурди, холос.
Кеч босилган тормоз баҳайбат юк автомашинасини тўхтатиши учун анча масофа керак бўлди. Нодир зулмат қўйнига маъносиз тикилганича бир муддат қотиб қолди. Кескин силкинишдан уйғониб кетган Баҳром ҳеч нарсани тушунмай уйқули кўзлари билан унга тикилди.
- Тинчликми, нима бўлди? Нега индамайсан? Арвоҳ кўрдингми, рангингда ранг қолмабди...
- Одам уриб юбордим, - Нодирнинг овози ўзига ҳам зўрға эшитилган бўлса-да, Баҳром дарҳол нима бўлганлигини тушунди.
















