Раҳматжон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) киракаш, Тошкентга қатнайди. Қўқон шаҳридаги бекатда ёш йигит йўл ҳақини суриштирди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

- Бир ўзим кетаман. Қанча бўлади?

- Саксон минг сўм.

- Бўпти, кетдик.

Йўловчи қўл телефонида гаплашди. “Тошкентга боряпман. Тезлаштирамиз. Хотиржам бўлаверинг. “Матиз”нинг калитини ўзим элтиб бераман”. Суҳбатининг мазмунидан автомобиль савдоси билан шуғулланадиганга ўхшарди. “Туришидан бойвачча, тўрт йўловчининг пулини бир ўзи тўлаяпти”, дея хаёлидан кечди ҳайдовчининг. Қаерликсиз, исмингиз нима? – деб сўради.

- Исмим Абдусами. Бувайда қишлоғиданман, - деди у.

- Нима иш қиласиз?

- Машина савдоси билан шуғулланаман.

- Жияним “Дамас” олмоқчи эди. “Дамас”ни салондан қанчага олса бўлади?

- Давлат нархи йигирма етти миллион сўм. Ўн бир минг етти юз доллар тўлов қилинса, тўққиз ой, узоғи бир йилда қўлга тегади. Автосалондаги таниш диллерлар уч-тўрт ойда етказиб беришяпти.

- Салондан олгани қанақа ҳужжатлар керак?

- Паспорт нусхаси, солиқ идорасидан СТИР бўлса бас.

Раҳматжон жиянига СМС хабар юборди. Бир оздан кейин жияни телефон қилди.

- Автодиллерни Тошкентга олиб кетяпман, - деди Раҳматжон.

- Сени айтдим. Телефонни беряпман. Ўзинг гаплашгин.

Жияни Абдусамидан сўраб-суриштирди.

- Хўп десангиз, танишларим орқали олиб бераман, - деди Абдусами.

- Бўпти, - деди Холбой. – Раҳматжон акам сизни қайнотам билан кўриштириб қўяди.

Тошкент шаҳридаги манзилга етиб келишди. Абдусами йўлкирани бериб, қора “Малибу”га ўтириб кетди. Киракашнинг телефони жиринглади.

- Ака, таг-тугли одамми? – сўради Холбой. – Ишқилиб, чув тушиб қолмайманми?

- Айтганидай, Тошкентда диллерни шериги кутиб олди, - деди ишонч билан Раҳматжон.