Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолик бадалини ким тўлайди?
Молия вазирлиги, Марказий банк Бошқаруви ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қарори билан (АВ томонидан 19.12.2017 йилда 2957-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўтказиш ва тасдиқланадиган смета асосида харажат қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.
Маълумот учун: Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) Президентнинг 9.10.2017 йилдаги ПФ–5199-сон Фармони билан Ўзбекистон Фермерлар кенгашини қайта ташкил этиш йўли билан тузилган эди.
Белгиланишича, пахта хом ашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари ҳар йили пахта хом ашёси харид нархида кўзда тутиладиган 0,8% миқдордаги маблағни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига (кейинги ўринларда - Кенгаш) тўлайди. Қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлардаги фаолият турлари билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва юридик шахс мақомига эга бўлган деҳқон хўжаликлари (кейинги ўринларда – деҳқон хўжаликлари) аъзолик шартномасида белгиланган миқдорда ўз даромадлари ҳисобидан тўлайди.
Аъзолик шартномаси аъзолик бадалини тўлаш учун асос ҳисобланади, тўловлар миқдори унда белгиланади. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари (кейинги ўринларда - туман кенгашлари) туманда фаолият кўрсатаётган ҳар бир фермер ва деҳқон хўжаликлари билан ихтиёрийлик асосида мазкур шартномаларни тузади.
Пахтачилик фермер хўжаликларининг махсус ҳисобварағига кирим қилинган маблағлар (пахта хом ашёси харид нархининг 0,8 фоизи миқдорида) тўлов талабномалари асосида тижорат банклари томонидан туман кенгашларининг махсус ҳисобварақларига ўтказиб берилади. Бошқа фермер ва деҳқон хўжаликлари эса маблағларни тўлов топшириқномаларига мувофиқ ўтказиб беришади.
Пировардида барча маблағлар Кенгашнинг махсус ҳисобварағида йиғилади ва барча даражадаги кенгашларнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаларига асосан фойдаланилади.
Ҳужжат 20.12.2017 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
18:58 / 06.05.2026
Фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
09:54 / 14.04.2026
Якка уй-жой ва кичик бинолар қурилишида хусусий назорат жорий этилади
18:34 / 09.04.2026
Солиқ назорати тадбири видеотасвирга олинади
11:17 / 06.04.2026