Навбатдаги Эл-Класикодан бир неча кун ўтди ҳамки, ўша учрашув ҳақидаги мунозаралар тингани йўқ. Мени бир томони хурсанд қилади, балки адашаётгандирман, билмадим-у, бу сафар ҳакамнинг қарорлари, футболчиларнинг ўзини тутиши-ю, киритилган қарорлардан кўра, ўйиннинг тактик жиҳати ҳақида кўпроқ гапирилаётгандек. Яъни, Зиданнинг бу ўйинга ёндашуви, майдонга кўпчилик кутганидек, Иско эмас, Ковачичнинг туширилиши, биринчи бўлимдаги устунликни янада оширишга уриниш кўзга ташланмаётгани ва ҳоказо. Яъни, шунчаки тортишувлар эмас, аслида нима бўлганини билишга уринишлар бордек. Одатдагидек, икки жамоа мухлисларининг ўзаро ҳақоратлари ўрнини, бир жамоа мухлислари орасидаги икки фронт эгаллагандек. Бу яхши.
Мунозаралар асосан бир савол устида айланмоқда: Зидан қўрқоқми?
Сал узоқдан келаман, эсингизда бўлса, икки ҳафта олдин «Олд Траффорд»да Манчестер дербиси бўлиб ўтди. Турнир нуқтаи назаридан ўша ҳолат бугунгини ёдга солиб юборгани учун ҳам, айтяпман. Ўйиндан бир кун олдин Манчестерда ноқулай об-ҳаво кузатилди ва ҳатто ўйиннинг бошқа кунга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди. Англиядаги тиғиз тақвимни назарда тутсак, «бошқа кун» камиди 2-3 ойдан кейин келиши ҳам мумкин эди.
Ўшанда «Манчестер Юнайтед» мухлиси сифатида ўйиннинг бўлмаслигини истадим ва бу ҳақида ижтимоий тармоқда ҳам ёзгандим. Негадир ўшандаги жамоалар орасидаги 8 очколик фарқ жуда қалтис туюлганди.
Фарқ янада кичикроқ бўлса, ўйин янада қизиқроқ ўтарди. «Манчестер Юнайтед» ўзаро ўйнамасдан туриб, кичик жамоалардан барқарор очко йиққан ҳолда, балки фарқни қисқартирар, ана ўшанда дерби бошқача бўлар деб ўйладим. Айтайлик, рақибидан 2-4 очко ортда бораётган жамоа ўз майдонидаги ўйинни имконият сифатида билади ва нима қилиб бўлса ҳам, ғалаба қозонишга ҳаракат қилади.
Ёки аксинча, фарқ каттароқ бўлса ҳам майли. У ҳолда, турнир жадвали ўйинга таъсирини ўтказмайди, таъқибчи жамоа ҳаммасини унутиб, ҳаёт-мамотдек майдонга тушиши, ҳеч бўлмаса, бир ўйинда пешқадамдан устунлигини кўрсатиб қўйишга уринади.
8 очко эса жуда қалтис. Таъқибчи учун. Ғалаба деярли ҳеч нарса бермайди, мағлубият эса, гўёки, барча имкониятни кўмади. Менимча.
Гап фақат АПЛ ёки Ла Лигада ҳам эмас. Агар шундай ҳолат мавсум охирида рўй берганида ҳам, ёндашув бошқачароқ бўларди, бунга ишонаман. Мавсум ярмига етмай, асосий мақсаддан бу қадар узоқлашиш шунчалик хавфлики, бу жамоани издан чиқаради, бошқа турнирларга ҳам таъсир ўтказади, футболчиларни руҳлантириш борасида мураббийга катта муаммо туғдиради. Лигадаги ҳар бир ўйинда турнир мотивациясининг етарли бўлмаслиги февралда ЕЧЛ ўйинларига жамоанинг юқори спорт формасида етиб боришига ҳам салбий таъсир ўтказади.

















