«Обуна мавсуми. Мажбурлашлар авж олаётган бу соҳани ҳам тартибга солиш фурсати етиб келмадими?» мақоласи юзасидан ўз фикрларимни билдиришга жазм қилдим.
Ҳар бир ота-она ўз фарзанди комил инсон бўлиши учун ҳаракат қилади. Таълим олиши учун унга керак бўлган барча шароитларни имконияти етгунча яратиб беради. Шу билан бирга, уй вазифаларини тайёрлашда кўмак бериш билан қайтадан «ўқувчи»га ҳам айланади.
Мен фарзандларимнинг кундалик уй вазифаларини бажаришлари назорати учун иложи борича дам олиш вақтимни уларга сарфлайман. Уй вазифалар якунлангач, болаларимда китобга муҳаббат қўйишлари учун улар ёшига мос, болалигимда ўқиган, ўз шахсий кутубхонамдаги бор китобларимдан қизиқ жойларини ўқиб бераман. Улар воқеаларнинг давомини билиш учун, бу асарларни ўзлари бошдан ўқиб чиқишади.
Шунинг учун бўлса керак ўқувчи фарзандларим мактаб кутубхонасидан китоб олиб келиб ўқишга жуда қизиқади. Лекин...
Мактаб кутубхонаси китоблари қайси бадиий кенгашлардан тасдиқланиб, мактаб остонасини хатлаб кириб келяпти? Имло хатоларига кўз юмсангиз, китоб мазмунида турган маънавий озуқани тополмай на ўқишни, на ўқимасликни биласиз. Охирги чорангиз «Кел болам, мен билан телевизорни томоша қил, шу бизга қизиқарлироқ маълумот беради», деб юборасиз.
Ҳар йилгидек бу йил ҳам фарзандларим ўз синфдошлари орасида камситилиши олдини олиш мақсадида, 2018 йил «мажбурий обуна»си учун 15 минг сўмдан, 2 бола учун 30 минг сўм бериб, «қоғознинг уволига қолгур» соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссамни қўшдим. Пул аччиғи — жон аччиғи эканми, Президентимиз гапларидан куч олиб, обуна жараёни юзасидан танқидий таҳлил қилишга ҳаракат қилдим.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги сайтига кириб, ҳозирги кунда мактабларда ўқувчилар сони қанча эканлигини билсам, сайтдаги маълумотга кўра ҳозирда Республика бўйича 9.680та мактабларда 4.808.058 нафар ўқувчи таҳсил олаётган экан.
Бу ўқувчиларнинг 15 фоизини шартли равишда турли тўлов ва йиғимлардан озод қилинган тоифа деб ҳисобласак, 4.086.849 нафар қолади. Қишлоқ жойидаги қуйи синф ўқувчисидан йиғилган 15 минг сўмни ўртача обуна учун йиғим деб ҳисоблаб, 15 мингни 4.086.849 нафар болага кўпайтирсак, 61 миллиард 302 миллион 735 минг сўм қиймати ҳосил бўлади. 61 миллиард сўм экан-да, дейишга шошилманг. Бу — хомчўт. Яна бу маблағни семиришини истасангиз узоқдан изламаймиз. Ўқитувчилар, шифокорлар, пенсионерлар, талабалар, ишчилар ва хизматчилар... хуллас барча давлат бюджетидан даромад олувчи фуқаролар.
















