Жамият | 18:33 / 27.12.2017
25959
3 дақиқада ўқилади

Ўз ихтиёри билан ватанига қайтган, экстремизм туфайли қидирувда бўлган шахс суд томонидан очиқда қолдирилди

Бухоро шаҳар Орифон кўчаси 9-уйда яшаган, 1991 йилда туғилган М.Ш. ҳам кўп фуқаролар каби, Россия Федерациясига пул ишлаш мақсадида жўнаб кетган эди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти ИИБ.

У Москва шаҳрида турли жойларда  ишлаб, ўзининг олдига қўйган мақсадларига эриша олмади, унинг мўмайгина пул топиш нияти чиппакка чиқди, бу орада ишлари юришмаган М.Ш. юртидан олисда, оиласидан йироқда назоратсиз қолиб интернет тармоғида турли экстремистик гуруҳларнинг таъсирига тушиб қолади. Ёшлиги ва қизиқувчанлиги оқибатида у “Одноклассники” сайтида ўзининг шахсий саҳифасини очиб турли террорчи ташкилотлар ёлловчилари таъсирига тушиб, улар томонидан тайёрланган тақиқланган материалларни интернет орқали ўзининг дўстлари ва танишларига тарқатиб келиш билан шуғулланади.

Унинг кирдикорлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўз вақтида аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси 3-қисми (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинади.

Бухоро вилоят ИИБ ходимлари томонидан қидирувдаги М.Ш.ни ватанга қайтариш мақсадида унинг оила аъзолари ва ўзи билан ҳозирги кунда республикада “суд-ҳуқуқ” тизимидаги ислоҳотлар, қолаверса, президентнинг диний экстремизм йўналишда жиноят содир этиб қидирувда бўлган, ҳозирда чет давлатларда яшириниб юрган фуқароларни яшаш манзилига қайтариш, уларни соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаш, адашиб бу йўлга кириб қолган фуқароларимизга қонуний енгиллик бериш бўйича берган кўрсатмалари етказилди.

Хайрли ишнинг ўз самараси бўлгани каби, қидирувдаги М.Ш. билан телефон орқали суҳбатлар ва оила аъзоларининг, айниқса, қариб қолган ота-онасининг чақирувлари билан 2017 йил август ойида ватани Бухорога қайтиб келди. М.Ш.нинг Россия Федерациясидаги ноқонуний ҳаракатлари юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари якунланиб, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши суд муҳокамасига юборилди. Суд жиноят иши материалларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, М.Ш.га нисбатан “қамоқ”  билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлади.

Мавзуга оид