Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2017 йилдаги 1007-сон «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.uz.
Чегара орқали ўтказиш пунктларини жиҳозлаш
2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларини техник воситалар билан жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. Қуйидагиларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
• ўтказиш пунктларидаги паспорт назорати хоналарини – Давлат чегарасини кесиб ўтадиган шахсларни қидирувда бўлган фуқароларнинг электрон фотокартотекаси билан солиштириш имконини берадиган видеокузатув тизимлари;
• ўтказиш пунктларида – паспорт назоратининг автоматлаштирилган хоналари ("электрон гейтлар");
• йўловчилар тўғрисида "SITА" туридаги дастлабки ахборот тизими дастурий таъминоти.
Шунингдек, МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси сервер ускуналари ва қидирув-ахборот тизимининг мавжуд дастурий таъминотини модернизация қилиш, шунингдек уни янгидан жорий этиладиган тизимлар билан интеграциялаш кўзда тутилган.
Бу билан боғлиқ харажатлар МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ва ДБҚга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Чегара назорати – янги низом бўйича
Шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (кейинги ўринларда – Низом). Унда ҳар бир давлат назорати органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек давлат чегарасининг ҳар бир ўтказиш пункти: автомобиль йўллари (пиёдалар), темир йўллар ва авиация ва дарё ўтказиш пунктларидан ўтиш тартиби батафсил баён этилган.












