Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга тегишли бўлган юзлаб муҳим тарихий ҳужжатлар, шахсий буюмлар, расмлар, суратлар ва видеоматериаллар илк бор кенг оммага ҳавола этилади.

ЎзА мухбири бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов билан суҳбатлашди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги ҳамда 2017 йил 25 апрелдаги "Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди. Кўча ва хиёбонлар, меъморий иншоотлар ва таълим муассасаларига у кишининг номи берилди. Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-маърифий семинарлар ўтказилмоқда.

– Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси учун нега айнан Оқсарой қароргоҳи танланди?

– Ислом Каримов шахсининг тарихий ролини абадийлаштириш, шунингдек, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил қилишнинг ташаббускори Президентимиз Шавкат Мирзиёевдир. Давлатимиз раҳбари мажмуани Биринчи Президентимизнинг собиқ қароргоҳида жойлаштириш, унинг иш кабинетини Ислом Каримов ҳаётлигида қандай кўринишда бўлса, ўша ҳолда ўзгармас қилиб сақлаб қолиш таклифини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тарихий ўрни ва мамлакатимиз кўп асрлик ўтмишидаги улкан хизматларини юксак ҳурмат-эътибор билан муносиб эътироф этди. Хусусан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Биринчи Президентимиз ўтган асрнинг 90-йилларида кескин муаммолар, миллатлараро можаролар гирдобига тушиб қолган юртимизни ўзининг юксак раҳбарлик салоҳияти, жасорат ва матонати билан мудҳиш фожиалардан омон сақлаб қолди, Ватанимизни катта тараққиёт йўлига олиб чиқди. Бу йўлда ўзининг куч-ғайрати, ақл-заковати, билим ва тажрибасини аямади. Бу, ҳеч шубҳасиз, том маънода қаҳрамонлик ва фидойилик намунаси бўлиб, тарихимизда мангу муҳрланиб қолади".

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг умумий майдони 9,6 гектарни ташкил этади. Мажмуа Оқсарой қароргоҳи, кўргазмалар зали, кутубхона, анжуманлар зали ва маъмурий биноларни ўз ичига олади. Ўзбек халқининг ифтихорига айланган Оқсаройда Ислом Каримов музейи ҳам жойлашган.