2017 йил ҳар томонлама қизиқарли ва кутилмаган воқеаларга бой бўлишидан ташқари, кўплаб кадрлар алмашинувисиз ўтмади. Kun.uz таснифида Ўзбекистондаги энг муҳим лавозимий ўзгаришлар ҳавола этилади.

Ички ишлар, Мудофаа ва бошқа соҳалардаги «силжиш»

3 январь куни Kun.uz ишончли манбаларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси (собиқ) Ички ишлар вазири Аҳмаджон Аҳмедбоев лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берди. Унинг ўрнига Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келган Азизов Абдусалом Абдумавлонович Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарлигига тайинланганди. 4 сентябрь куни эса Абдусалом Азизов Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири этиб тайинланиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 

Фото: Пўлат Бобожонов

Шундай қилиб, Хоразм вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Пўлат Бобожонов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Мудофаа собиқ вазири Қобул Бердиев Қуролли Кучлар Академияси бошлиғи этиб тайинланган. Дастлабки ошкор бўлган маълумотларда Аҳмаджон Аҳмедбоев шу йилнинг январида лавозимидан озод этилиб, президент маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди. Аммо Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси вақтида собиқ Ички ишлар вазири Аҳмаджон Аҳмедбоевни хиёнатда айблади. 

«Аҳмедбоевнинг ҳамма генераллари қаерда юрганини биламизми? Уни хиёнат қилгани учун олиб ташладим», деди президент.

Бундан ташқари, Олий суд тизимида ҳам бирмунча «ҳаракатлар» пайдо бўлди, яъни Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров муддатсиз даврга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди. Шунингдек, Баҳодир Акбаралиевич Деҳқонов беш йил муддатга, Бахтиёр Турсинматович Исаков ҳам ўн йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланди. Декабрь ойига келиб 8 нафар судьянинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайланиши маълум бўлди.

Молия-иқтисод тизимида  

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев Ташқи савдо собиқ вазири Элёр Ғаниев ўрнини эгаллади. Ғаниев эса президент девонига сектор бошлиғи сифатида ўтказилган. Бундан ташқари, 2011 йилдан буён Иқтисодиёт вазири сифатида ишлаб келган Галина Саидова ўрнини Молия собиқ вазири Ботир Хўжаев эгаллади.