«Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ». (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан)

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Парламентга мурожаатини телевизор орқали кўриб-тинглаб ўзимни дунёга янги келгандек, янги дунёга кириб бораётгандек ҳис қилдим. Кечаси билан узуқ-юлуқ ухладим, эрталаб ҳам шу дард вужудни тарк этмаётган эди. Ярим йил–бир йилдан бери судьяларнинг амалда мустақил эмаслиги ҳақида бирнима ёзаман, деб оқимга қарши сузишга журъат этмай келардим. Бу қусурни бартараф этмай туриб, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ҳуқуқий-демократик жамият қуриш қуруқ гаплигича қолаверади, фикримча. Мурожаат ушбу қусурни қоғозга туширишга журъат бағишлади.

Бундан етти-саккиз йил муқаддам қаламкаш ҳамкасблардан бири ҳол-аҳвол сўрашиб, «адвокатлик қилаётганингизга икки йил бўлибди, нечта ишни ютдингиз», деб савол берди.

Мен жавоб бердимки, адвокатнинг суд музокарасида қонунларни рўкач қилиб ҳимоя нутқи сўзлаб ишни ютиб кетиши ҳинд киноларида бўлади, бизнинг судларда Америкадан дунёдаги энг зўр адвокатлар келиб, бир соатдан музокара нутқи сўзласин, уч судья уларни жимгина тинглаб ўтиришади-да, сўнгра 15–20 дақиқа маслаҳат уйига чиқиб келиб, эрталаб ёки кечқурун суд раиси айтган ҳукмни ўқийверишади, адвокат нима деганининг аҳамияти йўқ!

Суҳбатдошим, умрида судга иши тушмаган шекилли, «наҳотки?» дегандек ҳайрон боқиб турарди.

Минг афсуски, наҳотки эмас, бу — айни ҳақиқат. Суд мажлиси — спектакль. Суд раиси кимлар биландир бамаслаҳат ҳукм, қарор қабул қилиб бўлганидан кейин суд мажлиси залида ижро этиладиган спектакль!

Бу спектакль жараёнида шўринг қурғур виждонли ва билимдон адвокатнинг 20–30 минутлаб «сўзлаган» нутқи, зўр келса, маслаҳат уйига киришдан олдин танаффусни ўн-ўн беш дақиқа ўрнига икки-уч кунга, баъзан «номаълум вақт»га ҳам чўзишга қурби етади, холос. Барибир, «юқоридаги» аввалги қарор, ҳукм эълон қилинаверади. Чунки, қарор қабул қилган кабинетдагилар суд мажлисида судланувчининг айбсизлиги ҳақидаги оҳу-зорини, гувоҳларнинг кўргазма-далилларини, ҳимоячининг жонини фидо қилиб қонунларни, Олий суд Пленумининг ушбу ишни тартибга соладиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган қарорларини куйинчаклик билан таъкидлаб сўзлаган музокара нутқини эшитгани йўқ ва табиийки унда суд мажлисида буларни тинглаган судья ҳамда прокурорда рўй бергани каби ачиниш, раҳм қилиш ёки «эрта-индин юқори инстанцияда иш бузилса менга минус бўлади-ку?!» деган хавотир рўй бермайди. Натижада, «мен айтганни қилавер», деган «команда» суд залида ҳукм, қарор тусида ўқилаверади, ўқилаверади...