Бугунги кунда республикамизнинг барча соҳаларида илғор ислоҳотлар, янгиликлар, ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият ривожи, халқ фаровонлигига хизмат қилиши президент томонидан бот-бот таъкидланмоқда. Бир йил ичида қабул қилинган бир неча ўнлаб қарор, фармон ва фармойишлар жамиятимизнинг барча соҳаларини кенг қамраб олди.
Бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам муҳим ва зарурий қарорлар туфайли, бир неча йиллардан бери мавжуд бўлган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан ислоҳотлар бошлаб юборилди.
Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрда мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш ҳақидаги фармонни имзолагани, тўққиз йиллик мактаб таълимидан ўн бир йиллик таълим тизимига қайтилиши каби муҳим ҳужжатлар қабул қилингани, самарали таълим тизимини такомиллаштиришда ва жаҳон стандартлари асосида ташкил қилинишида муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, кўпчилигимиз Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Германия, Сингапур, Буюк Британия, Финляндия каби ривожланган давлатлар таълим тизимига ҳавас билан қараймиз. Бизнинг, янги босқичга кўтарилаётган таълим тизимимизда ҳам, мазкур давлатлар таълим тизимига намуна сифатида қараш ва керакли услубиятларни қўллаш бошланди.
2000 йилдан буён ҳар уч йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти (инг, Organisation for Economic Co-operation and Development, OECD) томонидан 15 ёшгача мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган «Ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш дастури» (инг, Programme for International Student Assessment, PISA) ёрдамида дунёнинг 70га яқин давлатидан ўқувчилар қатнашишади. Мазкур дастур ёрдамида ўтказилган охирги тест натижалари шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда Финляндия таълим тизими дунёда етакчилик қилмоқда. (1-жадвал)
2016 йил Тест тадқиқотлари натижалари (PISA)

Манба: Programme for International Student Assessment (PISA)
















