Жаҳон | 16:10 / 03.01.2018
28147
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонга энг кўп сармоя киритган давлат маълум бўлди

Фото: Weltrekordreise

Тожикистонга кириб келган хорижий сармояларнинг умумий ҳажмидан тахминан 50 фоизи (47,3%) Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Тожикистон бўйича «Барқарор иқтисодий ўсишга қарамай, ортган заифлик» иқтисодий ҳисоботида айтилади.

Ҳужжатга кўра, 2017 йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий сармоялар оқими анча камайди ва ЯИМнинг атиги 1,9%га тенг бўлди. 2016 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич ЯИМнинг 6,3%ни ташкил этди.

Банк таҳлилчилари маълумотига кўра, хорижий сармоялар ҳажмининг тахминан ярми қазиб олиш секторига йўналтирилган, кейинги ўринлардан транспорт ва ишлаб чиқариш жой олди.

Хорижий сармоялар ҳажмининг тахминан 80 фоизи Хитой (47,3%) ва Россиядан (31,3%) келган. Инвестициялар оқимининг катталиги бўйича учинчи поғонада - Швейцария (6,8%).

Япония ҳукумати эса яқинда Душанбе шаҳри аэропортида юк терминалини қуриш учун тахминан 200 млн доллар миқдорида сармоялар тақдим этишини маълум қилди.

Бу тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар базасини ва унинг таркибий қисмларини диверсификация қилиш имконини беради.

Мавзуга оид