1 январь куни қишки трансферлар даричаси очилганидан буён бир нечта жиддий трансферлар амалга ошириб бўлинди. «Ливерпуль» ван Дейкни ўзиники қилди, «Лестер» ниҳоят Адриен Силвани ўз футболчиси сифатида рўйхатдан ўтказди, Диего Коста «Атлетико»га қайтди, «Бавария» ички чемпионатдаги рақибларни кучсизлантиришни давом эттириб «Ҳоффенҳайм» ҳужумчиси Сандро Вагнерни ўз сафига қўшиб олди, Арсен Венгер ўзига хос тарзда 2,1 миллион еврога трансфер қилди, Грециядан номини айтиш мураккаб бўлган ёш ҳимоячи Лондонга келди.
«Трибуна» қишки трансферлар вақтида амалга ошиши мумкин бўлган яна 10 трансферни кўриб чиқади.
Филиппе Коутиньо, «Ливерпуль»
Трансфер баҳоси: 65 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Барселона»

Ҳар бир трансфер даричасида энг кўп муҳокама қилинадиган трансфер афсонаси бўлади. Коутиньо ва «Барселона» тарихи эса аллақачондан буён давом этмоқда. Август ойидаёқ ушбу футболчи Каталонияда бўлиши мумкин эди. Аммо Юрген Клоппнинг қайсарлиги ўшанда бу трансферга тўсиқ бўлганди. Энди эса Коутиньонинг ўжарлиги устун келмоқда ва футболчи яна жароҳат олганини баҳона қилиб жамоа ўйинларини бойкот қилмоқда. Натижада, «Ливерпуль» футболчисини «Барселона» таклиф этаётган 110 миллион евро (қўшимча 40 миллион евро бонуслар кўринишида) эвазига трансфер қилишга рози.
Бу вақтда «Барселона» ҳомийларидан бири Nike ўз интернет магазинида Коутиньонинг трансфери ҳақида муддатидан олдин эълон қилиб юборди.
Леон Горетцка, «Шальке»
Трансфер қиймати: 40 миллион евро (transfermarket)
Қаерга: «Бавария»

Бир ҳафта муқаддам Bild нашри 2017 йилги Конфедерациялар кубогида Германия терма жамоасида ўзини кўрсатган 22 ёшли бу футболчи ёзда «Бавария»га ўтиши ҳақида ёзганди.
Аммо мюнхенликлар жамоаси мураббийи Юпп Ҳайнкесс барчасини инкор этди: «Горетцканинг агенти айтдики, уни испан клублари сотиб олмоқчи». Аммо ҳамон мюнхенликлар ушбу футболчи учун асосий даъвогар бўлиб туришибди ва унинг ёзда келиши бўйича шу кунлардаёқ келишиб қўйишмоқчи.
















