Жаҳон | 07:52 / 09.01.2018
18442
2 дақиқада ўқилади

Шимол ва Жануб ўртасида музокаралар бошланди

Фото: Courrier international

9 январда Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасида вазирлар даражасида муносабатларни яхшилаш йўллари ва шимоллик спортчиларнинг Пхёнчангдаги Олимпиадада иштирок этиши бўйича муҳокамалар бошланди. Бу ҳақда “Рёнхап” ахборот агентлиги хабар берди.  

Жанубий Кореянинг миллий бирлашиш ишлари бўйича вазири Чо Мён Гюн ва Шимолий Кореянинг ватанни тинч бирлаштириш қўмитаси раиси Ли Сон Гвон бошчилигидаги икки давлат делегацияси икки давлат ўртасидаги қуролсизлаштирилган ҳудуднинг жанубидаги Пханмунжом музокаралар пунктидаги “Тинчлик уйи” деб номланган жойда учрашишди. Аввал ҳам бу ерда икки томон вакиллари ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтган. Музокаралар ёпиқ тарзда, журналистларсиз ўтмоқда.

Шимолий Корея етакчиси 1 январда миллатга янги йил мурожаатида ядровий салоҳиятни ошириш, бироқ шу билан бирга Жануб билан муносабатларни яхшилаш ва февралда шимоллик спортчиларнинг Олимпиадада иштирок этишини қўллаб-қувватлаб чиқди. Ўз навбатида Сеул Пхеньяннинг мулоқотга тайёрлигини ижобий қаршилаб, олий даражада музокаралар ўтказишни таклиф қилди. 

Чо Мён Гюн учрашув арафасида музокараларда эътибор Шимолий Кореянинг Олимпиадада иштирок этишига қаратилишини ва кескинликни юмшатиш масалалари кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилган. 

Мавзуга оид