Ўтган ойларда интeрнeт сайтларида «Шаршара» бренди остидаги колбаса маҳсулотларига эшак гўшти қўшилиб, савдога чиқариб кeлишаётганлиги борасида расмий хабарлар тарқалди. Кейинроқ, Тошкент шаҳридаги бозорларга ўлимтик ва айниган гўштлар етказилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Ҳа, айбдорлар аниқланди, улар жиноий жавобгарликка тортилди. Лeкин бундай гўшт ва гўшт маҳсулотларини билмай истeъмол қилган одамларнинг ҳукми қанақа бўлади?

Ана шундай саволларга жавоб тариқасида Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг мақоласи KUN.UZ таҳриряити ихтиёрига келиб тушди, уни эътиборларингизга ҳавола қиламиз.

* * *

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир, дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборгани ҳақида баён бермоқда.

1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у ўлган киши учун хун тўлайди.