Одамлар кўчадаги бирор ошхонада овқатланса, ошпаз ёки официантдан ярим ҳазил, ярим чин аралаш “Эшак гўшти қўшилмаганми?” деб сўрайдиган бўлишди. Афсуски, бу савол ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Қашқадарёдан Тошкент шаҳрига олиб келинаётганда аниқланган 361 кг эшак гўшти воқеаси пойтахтга тонналаб истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари кириб келаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатди.
Қозондан бир чўмич
25 май куни Сирдарёда 361 килограмм эшак гўштини олиб кетаётган ҳайдовчи тўхтатиб қолинди. Қарши—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Lacetti машинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида машинанинг юкхонасидан гўшт маҳсулотлари топилган.
Суҳбат давомида ҳайдовчи ушбу гўшт маҳсулотлари ўзига тегишли эмаслигини, балки уни айтилган манзилга олиб кетаётганини билдирган.
Сирдарё вилояти ИИБ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимининг сўзларига кўра, транспорт воситасида номаълум ҳайвонга тегишли 361 килограмм гўшт борлиги аниқланган. Ушбу гўшт маҳсулотлари Сирдарё вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси лабораториясига топширилган ва улар эшак гўшти экани тасдиқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.
Афсуски, бу ҳолат қозондан бир чўмич холос: Тошкент шаҳрига тонналаб эшак гўшти олиб келинаётган ва буларнинг барчаси ҳам аниқланмаётган бўлиши мумкин.
“Килосини 20 минг сўмдан сотардим”
Эшак сўйиб сотишни кимлардир бизнесга айлантириб олган. Яқинда шундай кимсалар жиноий жазога тортилди. Яъни Тошкент вилоятида эшак сўйиб сотган ва ушбу гўштни харид қилган йигитлар суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2025 йил 7 январ куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Тошкент вилоятида тезкор ўрганиш ўтказилган. Унда маҳалла ҳудудидаги қаровсиз дала шийпонида 23 та тирик ва 15 та сўйилган ҳолдаги эшак топилган.
2025 йил 9 январ куни Ҳикмат (материалдаги барча исмлар ўзгартирилган) дала шийпонида эшакларни сўйиб, гўштини истеъмол учун ўтказиш мақсадида олиб кетаётганда Нурафшон шаҳри ҳудудида ушланган. Тадбир давомида у 200 кг эшак гўштини Тошкент шаҳрида яшовчи Асомиддинга килосини 20 минг сўмдан сотишга келишганини айтган. Ҳикмат ўз ихтиёри билан тезкор тадбирда иштирок этишини маълум қилиб, айбига иқрорлик ва пушаймонлик билдирган.









