9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ўтган йилда эришилган натижалар алоҳида қайд этилар экан, 2018 йилда ва яқин истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар ҳақида ҳам сўз борди.
Президент ахборот технологиялари соҳасида ҳали қилинадиган ишлар кўплиги, эришилган натижалар бошқа давлатларга қараганда анча паст кўрсаткичда эканини қайд этди.
Мисол учун: ахборот технологиялари соҳасининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши Жанубий Кореяда – 9 фоиз, Японияда – 5,5 фоиз, Хитой ва Ҳиндистонда – 4,7 фоиз, Ўзбекистонда атиги 2,2 фоизни ташкил этади. Буни ахборот-коммуникация ривожланиш индекси рейтингдаги 176та мамлакат ичида Ўзбекистон 95-ўринни эгаллагани исботлаб турибди.
Йиғилишда Интернет тармоғига уланиш қамровини кенгайтириш ва тезлигини ошириш, дастурий таъминот, телекоммуникация соҳасида етакчи хорижий компаниялар билан алоқа ўрнатиш, «Электрон Ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
«Интернетдан 20 миллион аҳоли фойдаланади, деб ҳисобот бергансизлар. Бироқ, миллий Интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли, аҳолининг аксарият қисми Интернетдан фақат Телеграмда ёзишма учун фойдаланади, холос», деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда МДҲ давлатлари бўйича Интернетнинг ўртача тезлиги Ўзбекистондагидан 10 марта юқорилиги қайд этилди. Алоқа операторлари чекка ҳудудларда, автомобиль ва темир йўлларга яқин ҳудудларда телекоммуникацияларни кенгайтиришга сармоя киритмаётгани таъкидланди.
Мутасаддиларга Интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича зарур топшириқ берилди.
Бугун «Хавфсиз шаҳар» ягона комплексини яратиш дастурига мувофиқ лойиҳанинг концепцияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, Тошкент шаҳрида 16 мингдан ортиқ камералар ўрнатиш, Маълумотларни қайта ишлаш маркази ва «Ситуация марказлари»ни ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, «Хавфсиз туризм», «Хавфсиз ҳудуд», «112» тизими, олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш жараёнларига видеокузатув ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини рўйхатга олиш тизимларини жорий этиш кўзда тутилган.

















