Давлат дастури доирасида пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. KUN.UZ мухбири 11 январь куни "Тараққиёт стратегияси" марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари М.Ш.Истамовнинг сўзларига асосланиб, шу ва қатор ўзгаришлар ҳақида хабар берди.
Давлат дастурининг биринчи йўналиши - Давлат ва жамият қурилиш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари Президентнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишларида қилган мурожаатномалари асосида тузилган. Биринчи йўналиш уч бўлимдан иборат:
1. Халқ вакиллик органларининг ролини кучайтириш, яъни Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларнинг роли ва ваколатларини кучайтириш;
2. Давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш;
3. Жамоатчилик бошқарув тизимини такомиллаштириш.
Булар орасида энг каттаси - ўз ичига 28 бандни жамлаган иккинчи бўлим, яъни давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ҳисобланади. Бу бўлимда иккита асосий устувор вазифа белгиланган:
1. Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш;
2. Фуқаролар ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини ошириш.
Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида қандай чора-тадбирлар назарда тутилмоқда?
1. Давлатнинг иқтисодиётдаги таъсирини камайтириш. Маълумки, бугунги кунда кўп давлат идоралари, вазирликлар тузилмаларида давлат унитар корхоналари фаолият юритади. Улар муайян соҳаларда тегишли тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади. Бунинг салбий томони - давлат идораси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланар экан, у қайсидир маънода рақобатни чеклайдиган ҳолатларга дуч келишига тўғри келади. Рақобатга киришгандан кейин давлат идораси ўз функциясидан, ўз ваколатидан фойдаланиб, бошқа тадбиркорлик субъектларининг ролини чеклаши, қайсидир маънода ўзига тегишли давлат унитар корхонасига имтиёзлар бериши мумкин. Айнан шу туфайли давлат унитар корхоналари кўламини кескин қисқартириш масаласи қўйилган.
2. Айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш масаласи илгари сурилмоқда. Барчага маълумки, автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш масалалари илгари ички ишлар идоралари томонидан ўтказилган бўлса, ҳозир бу функция секин-аста хусусий секторга ўтказилмоқда, шу йўналиш кейинчалик ҳам давом этади.
3. Номарказлаштириш, яъни давлат ваколатларини юқоридан туриб қуйи идораларга бериш. Бугунги кунда 64 та лицензия тури мавжуд бўлса, бор-йўғи 1 таси туман ҳокимлигида берилади, қолган 21 таси Вазирлар Маҳкамасида, 40 таси марказий идоралар томонидан берилади. Кўриб турганимиздек, 90 фоиздан зиёди - республика миқёсида бериладиган лицензиялар. Бу масалаларда халққа, тадбиркорларга қулай бўлиши учун барча ваколатлар қуйи бўғинга - вилоятлар ва туман ҳокимликларига берилиши назарда тутилган.
















