Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Қадрли ватандошлар!

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бу қутлуғ сана мамлакатимизда ватанпарварлик, она юртга садоқат, мардлик ва жасурлик каби эзгу қадриятларни, халқимизга, буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларига хос бўлган юксак фуқаролик фазилатларини ўзида мужассам этадиган том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураётган мураккаб бир шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаган ҳолда, биз 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиладик.

Ушбу Стратегия асосида биз ўтган йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа тармоқлари қаторида ҳарбий қурилиш соҳасида кўпгина энг долзарб ва муҳим масалалар бўйича аниқ чора-тадбир ва ҳаракатларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилдик, уларни амалга ошириш бўйича ишларни самарали ташкил этдик.

Шу тариқа қисқа вақт мобайнида аниқ натижаларга эришдик, Қуролли Кучларимизнинг келгусидаги қиёфасини белгилаб берадиган стратегик тамойиллар ва ана шу мақсадга эришишга қаратилган кенг кўламли комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишга муваффақ бўлдик.

Аввало, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор  вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди.

2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.