Ҳар ким ҳам уй-жойи, рўзғори бекаму кўст, ҳавас қиларли бўлишини исташи, тўкин-сочин ҳаёт кечиришга интилиши табиий. Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳити яратилди, тадбиркорликка, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очилди. Ушбу имкониятлардан фойдаланаётган ишбилармонлар, корхоналарнинг ишчи-хизматчилари, қўли гул ҳунармандлар, савдогарлар, қурувчилар хорижий иш берувчилар таклиф қилаётганидан кам даромад топишаётгани йўқ, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидай бирданига мўмай пул ишлаб топиш илинжида норасмий иш берувчиларнинг ваъдаларига учиб, хорижга чиқиб кетганларнинг аксарияти эса уйларидан йўлкирага пул сўраб олиб, қуппа-қуруқ қайтишга мажбур бўлишяпти. Айримлари одам савдоси қурбонига айланишяпти. Хорижда иши юришганлар ҳам йўқ эмас. Бироқ... Меҳр кўзда, дейдилар. Узоқ вақт кўришмай юрган қариндошлар, эру хотин ўртасида меҳр-оқибат ришталари узилиб бораётганини ҳаётий мисолларда кўриш мумкин. Ўзаро ишончсизлик, рашк туфайли оилалар бузиляпти. Баъзан эру хотиннинг ойлаб, йиллаб айро яшаши фожиали оқибатларни келтириб чиқаряпти.
Судланувчи Меҳмонали Атҳамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қирқ беш ёшга киргунича бир неча марта хорижга бориб, ишлаб келган. Онасига пул юбориб турган. Ўғлига енгил автомобиль олиб берган. Сўнгги бор 2016 йилнинг апрель ойида Россияга чиқиб кетган. Турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укалари билан уяли телефонда гаплашиб юрган.
Орада рафиқаси Муяссархоннинг телефонини тез-тез ўчириб қўйиши дилида шубҳа уйғотади. Маҳаллий вақт билан соат 22:00ларда рафиқаси жавоб бермагач, тўнғич ўғли Нуралига қўнғироқ қилади.
- Телефонни онангга бер.
- Ойим уйда йўқ.
- Қаёқда юрибди?
- Билмадим. Эрталаб чиқиб кетганди.
Меҳмоналининг ичини мушук тимдалайди. Кечаси қайларда, нималар қилиб юрибди? Укасининг телефон рақамини теради. “Фарғонадаги ошхонага ишга кирибди. Қатнаб, ётиб қолиб ишларкан...” Маҳмудалининг сўзлари жаҳлини чиқарди. Рўзғорда ҳеч қандай камчилик бўлмаса, нимага ишлагиси келиб қолибди? Нимага мендан бир оғиз сўрамади, дея 2017 йилнинг 30 март куни хориждан уйига қайтиб келади.
- Ниманг етмаяпти, нимага ишга кириб олдинг? – холи қолганларида рафиқасини тергайди.
- Пулларингизни онангизга жўнатсангиз. Зарур бўлиб қолганда ялиниб олсам, боламга дори пулини ҳам қизғониб берса, нима қилай, ишлайманда!











