Ўзбекистон | 13:00 / 14.01.2018
22535
3 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси «аввалги» ва «ҳозирги» Ўзбекистонни солиштирди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен «Америка овози»га берган интервьюсида Ўзбекистон ҳаётида кейинги бир йил давомида рўй берган воқеаларга муносабатини билдириб ўтди. Ушбу интервью ЎзА томонидан эълон қилинган.

Суҳбат Вашингтонда, «Америка овози» телерадиоси студиясида бўлиб ўтган.

Журналист элчидан бугунги Ўзбекистон ҳақида қандай фикрдалиги, ҳозирги алоқаларни қандай таърифлаши, АҚШ ва Ўзбекистонда раҳбарлар ўзгаришидан олдинги аҳвол билан ҳозирги шароит ўртасида қандай фарқлар борлиги ҳақида сўрайди.

«Жуда долзарб саволлар. Ўзбекистонда иш бошлаганимга бу ой уч йил бўлади. 2015 йилнинг 27 январида Президент Каримовга ишонч ёрлиғи топширганман. Ўша давр билан таққосласам, ҳозирги вазият жуда бошқача. Энг катта фарқ — ҳозирги Ўзбекистон ғайратга тўла. Ўзгариш учун хоҳиш кучли. Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрнини тиклаш ва уни қандай ривожлантириш ҳақида самимий ва очиқ муҳокама кетмоқда. Жуда ҳаяжонли, қувончли давр. Ўзбекистондан олдин Қирғизистонда элчилик қилганман, ундан олдин Қозоғистонда элчи ўринбосари бўлганман.

Президент Мирзиёев лидер сифатида кўплаб минтақавий масалалар ечими томон жонбозлик қилмоқда. Муваққат президент сифатида 2016 йилнинг сентабрида қилган нутқида янгича қўшничилик сиёсати ҳақида гапириб, Ўзбекистон ёнидаги давлатлар билан алоқани мустаҳкамлайди, деган.

Бу жараён тезликда авж олиб, президент Туркманистонга борди, кейин эса Қозоғистонга ва бошқа давлатларга. Бош вазир ҳозир Тожикистонга бормоқчи... (бу суҳбат Абдулла Ариповнинг Душанбега ташрифидан олдин бўлиб ўтган. Бош вазир 10-11 январь кунларида Тожикистонда бўлди - таҳр.) Бу Марказий Осиё билан ишлаб келаётган томонлар учун жуда қувончли. Минтақа катта потенциалга эга деб келганмиз ва мана энди буни минтақанинг ўзи исботлашга ҳаракат қилмоқда. Ҳамма умидга тўла.

Марказий Осиё қўшни Афғонистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиришни бошлаган. Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларида ўзгаришлар катта. Президент Ғани ўтган ой Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олинди. Мен ўзим Президентларнинг зиёфатида қатнашиш шарафига муяссар бўлдим. Ажойиб ришталар. Президент Ғани Бухорога ҳам бориб, фахрий даража олди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири айни дамда афғон делегацияси билан музокарада.

Ўзбекистон, Марказий Осиё бўйлаб, қолаверса Афғонистон билан авж олаётган жараёнларга қарасангиз, 2015 йилдаги вазиятдан ер ва осмонча фарқни кўраяпман», деган элчи.

Мавзуга оид