Спорт | 14:50 / 19.01.2018
21393
2 дақиқада ўқилади

ЎФФ президенти футболчилардан Ақтўбе қурбонлари хотираси учун ғалаба қозонишни сўраган

23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Чемпионати чорак финалида Япония термасига қарши ўйиндан олдин Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон терма жамоаси делегациясига мактуб йўллаган. Кийим алмаштириш хонасида ўзбекистонлик футболчиларга Аҳмаджоновнинг таъсирли мактуби ўқиб эшиттирилган. Мактубда федерация президенти футболчилардан Ақтўбе фожиаси қурбонлари хотираси учун бугун ғалаба қозонишни сўраган.

Ҳурматли футболчилар, мураббийлар!

Кеча Россияга йўл олган 52 ватандошимиз даҳшатли тарзда ҳалок бўлдилар. Айни пайтда Ўзбекистонда барча марҳумлар хотирасига дуолар қиляпти. 

Сизлардан шуни сўрайман, бугун ғалаба қозониб, аламда қолган ўзбек халқига қувонч улашинг.

Аввалги уч ўйинингизни кўрдим. Қийналдинглар, ўйинда мазмун йўқдек. Қани кетишдан олдин мен мақтаган йигитлар? 

Бугун барчанинг нигоҳи сизга қаратилади. Кечаги фожиадан кейин халқимизга таскин бўлувчи чиройли ғалаба билан таскин бериш имкони бугун сизда мавжуд. Ишонаманки, ўшa автобусда йўлга чиққан ватандошларимиз орасида ўзбек футболига бефарқ бўлмаган йигитларимиз ҳам бор эди. Бугун уларнинг ҳурмати ғалаба қозонинг!

Мавзуга оид